MIHAS – 2026: Куала Лумпурда ҳалол маҳсулотлар кўргазмаси бошланди
Куала Лумпур шаҳрида Малайзия халқаро ҳалол маҳсулотлар кўргазмаси (MIHAS) ўз ишини бошлади.
Малайзия халқаро савдо ва кўргазмалар маркази (MITEC)да ўтказилаётган анжуман жаҳон ҳалол индустриясининг етакчи вакиллари, экспорт-импортчилар, инвесторлар ҳамда соҳа экспертларини бир майдонда жамламоқда.
Тўрт кун давом этадиган кўргазмада 45 мамлакатдан 50 минг нафарга яқин иштирокчи қатнашиши кутилмоқда. Икки мингта стендда 1700 та компания ўз маҳсулот ва хизматларини намойиш этади.
MIHAS-2026 Малайзия Инвестициялар, савдо ва саноат вазирлиги (MITI) кўмагида Малайзия ташқи савдони ривожлантириш корпорацияси (MATRADE) томонидан ташкил этилмоқда. Бу йилги йиғиннинг ўзига хос жиҳатларидан бири – савдо жараёнларига сунъий интеллект технологияларининг кенг жорий этилганидир. Ташкилотчилар таъкидлашича, мазкур технология иштирокчиларга керакли компанияларни топиш, экспонентлар билан алоқа ўрнатиш ва истиқболли бизнес ҳамкорликни йўлга қўйишда кўмаклашади.

– Бир нарсани таъкидламоқчиман: “ҳалол” тушунчаси фақат диний маросим ёки Ислом дини билан чекланмайди, -деди Малайзия ташқи савдони ривожлантириш корпорацияси (MATRADE) раҳбари Дато Сери Резал Мерикан журналистларга берган интервьюсида. – Ҳалол – тозалик, гигиена, маҳсулотнинг ҳаққонийлиги ва келиб чиқишини билиш имконияти, шунингдек, барқарорликни ҳам англатади. Ҳалол маҳсулотни танлаган истеъмолчи, моҳиятан, хавфсиз маҳсулотни танлайди. Бугун глобал истеъмолчи айнан шуни истамоқда. Шу боис ҳалоллик бозори ривожланмоқда. Ҳалол индустрияси фақат мусулмон мамлакатларига тегишли бозор эмас. Бугун дунёнинг турли давлатларидаги ишлаб чиқарувчилар ҳалол стандартларига мувофиқ маҳсулот тайёрлаб, глобал истеъмол бозорига чиқмоқда. Шу маънода, MIHAS турли ўлкалар бизнес вакилларини бирлаштириб, улар учун янги бозорларга йўл очадиган халқаро майдон бўлиб хизмат қилмоқда.
MIHAS-2026 дастури олтита асосий йўналишни қамраб олган. Кўргазманинг асосий қисми глобал ҳалол иқтисодиёти учун йирик савдо майдони вазифасини ўтайди. Унда озиқ-овқат ва ичимликлар, ҳалол ингредиентлар, косметика воситалари, фармацевтика, логистика ва ислом молияси каби соҳалар қамраб олинган.
Эътиборли жиҳати, мазкур халқаро кўргазмада юртимизнинг бир нечта компаниялари ҳам қатнашиб, ўз маҳсулотларини намойиш қилмоқда. “Савдони ривожлантириш компанияси” АЖ етакчи мутахассиси Муҳаммад Сойибжоновнинг ЎзАга айтишича, MIHAS-2026 доирасида 90 квадрат метр майдонда “Made in Uzbekistan” бренди остида диёримиз миллий стенди ташкил этилган.

– Миллий стендимизда жами олтита маҳаллий корхона ўз маҳсулотлари билан иштирок этмоқда, – деди у. – Улар орасида “Crafers”, “N’Medov”, “Hayot Dried Fruits”, “Ermak”, “Ermak Plus” ва “Delice” компаниялари бор. Корхоналаримиз асосан қуритилган мевалар, қандолатчилик маҳсулотлари, ширинликлар ва турли газакларни намойиш этмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад – миллий маҳсулотларимизни хорижий харидорларга яқиндан таништириш, янги ҳамкорлар топиш ва экспорт географиясини кенгайтириш.
М.Сойибжоновнинг таъкидлашича, кўргазманинг дастлабки кунидаёқ Ўзбекистон маҳсулотларига хорижий бизнес вакиллари томонидан қизиқиш ортган.
– Кўргазма энди бошланганига қарамай, “Hayot Dried Fruits” компанияси Малайзия бозорига бир контейнер қуритилган мева маҳсулотларини етказиб бериш бўйича дастлабки оғзаки келишувга эришди. Гап “Golden” навли сариқ майиз ва анъанавий қора майизни аралаш ҳолда етказиб бериш ҳақида бормоқда. Энди томонлар маҳсулот нархи ва етказиб бериш шартларини батафсил муҳокама қилади. Музокаралар муваффақиятли якунланса, тегишли шартнома имзоланиши кўзда тутилган.
Мутахассисга кўра, халқаро кўргазмаларда хорижий харидорларнинг Ўзбекистон маҳсулотлари орасида, аввало, қуритилган меваларга қизиқиши юқори бўлиб қолмоқда.

– Қайси халқаро кўргазмада иштирок этмайлик, қуритилган меваларимиз доимо хорижий харидорлар эътиборини тортади, – деди у. – Бу гал ҳам шундай бўлмоқда. Шу билан бирга, ўлкамизда ишлаб чиқарилаётган қандолатчилик маҳсулотларига ҳам талаб юқори. Масалан, “Delice” маҳсулотлари аллақачон Малайзия бозорига кириб келган. Айни пайтда Индонезия, Тайланд ва Вьетнам каби Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари вакиллари ҳам ушбу маҳсулотларга қизиқиш билдирмоқда.
Унинг қайд этишича, кўргазманинг биринчи кунида “Delice” компанияси маҳсулотларининг бир паллетини синов намунаси сифатида Тайландга етказиб бериш бўйича ҳам дастлабки оғзаки келишувга эришган.
– Бу ҳали кўргазманинг биринчи кунидаги натижалар. Олдинда яна уч кун бор. Шу боис, маҳаллий корхоналаримиз хорижий харидорлар билан янги музокаралар ўтказиши ва қўшимча келишувларга эришишини кутяпмиз, – деди “Савдони ривожлантириш компанияси” АЖ вакили.
Ўзбекистоннинг MIHAS–2026да миллий стенд билан иштирок этаётгани мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари учун нафақат Малайзия, балки Жануби-Шарқий Осиёнинг бошқа истиқболли бозорларига чиқиш имкониятларини ҳам кенгайтирмоқда. Айниқса, қуритилган мевалар ва қандолатчилик маҳсулотларига билдирилаётган қизиқиш “Made in Uzbekistan” бренди остидаги маҳсулотларнинг минтақадаги экспорт салоҳиятини янада ошириш учун янги имкониятлар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Кўргазма 26 сентябрга қадар давом этади.
Ўткир Алимов, ЎзА
Куала Лумпур, Малайзия