МИБ: хотин-қиз ходималар шарафланди
Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилоят бошқармасида 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
МИБ вилоят бошқармаси ва туман, шаҳар бўлимларида самарали хизмат қилаётган хотин-қизлар иштирок этган тадбирда кейинги йилларда мамлакатимизда жамиятимиз гултожларининг ҳуқуқ ва манфаатларини, гендер тенглигини таъминлаш, уларнинг мавқеини мустаҳкамлаб, ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича сўз юритилди. Тизимда суд ва бошқа органларнинг ҳужжатларини ижро этишда аёл ходималарнинг ҳам алоҳида ўрни борлиги қайд этилди.

Айни пайтда МИБ вилоят бошқармаси ва туман, шаҳар бўлимларида 50 га яқин хотин-қиз меҳнат қилмоқда. Ўтган йил МИБ вилоят бошқармаси ҳамда қуйи тузилмалари иш юритувида бўлган суд ва бошқа органларнинг қарийб 9 триллион 105 миллиард 547 миллион сўмлик 658 мингта ижро ҳужжати юзасидан мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилиб, 6 триллион 208 миллиард 131 миллион сўмлик 415 мингдан зиёд ҳужжатнинг ижроси таъминланди.

Фарзандларнинг моддий таъминоти билан боғлиқ 30 минг 295 та ижро ҳужжатлари бўйича мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилиб, алимент ва унга тенглаштирилган тўловлар ундируви амалга оширилди. Ўтган йил ва шу йилнинг икки ойида уч минг 200 та ижро ишлари оилаларнинг ўзаро яраштирилганлиги туфайли тамомланди. Бу ишлар ўз-ўзидан амалга ошаётгани йўқ, албатта. Буларнинг барчаси баҳамжиҳатликдаги меҳнат маҳсулидир. Ижро ҳаракатларини амалга оширишда эркаклар билан ёнма-ён хизмат қилаётган фидойи хотин-қизларнинг ҳам ўз ўрни бор. Улар рўзғор ташвишлари ва фарзандлар тарбияси билан бирга ўз хизмат вазифасини ҳам сидқидилдан бажармоқда.

Тадбирда сўзга чиққанлар аёллик нафосати, билим ва салоҳияти билан соҳани ривожлантиришга муносиб улуш қўшаётган ходималарни байрам билан табриклаб, хонадонларига файзу барака, хотиржамлик ҳамда ишларига омад тилади. Эсдалик совғалар топширилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири