МИБ ходимлари “ток ўғриси“нинг автомашинасини хатлади
Ҳуқуқбузар, охир-оқибат 43 млн. сўм зарарни тўлашга мажбур бўлди.
Гап шундаки, фуқаро А.М. ўзига тегишли ошхонада ўзбошимчалик билан электр энергиясидан ноқонуний равишда фойдалангани оқибатида Элликқалъа тумани электр таъминоти бўлимига 43 млн. сўмдан ортиқ зарар етказган.
Шу сабабли, Жиноят ишлари бўйича Элликқалъа туман суди томонидан ҳуқуқбузар М.А.дан Элликқалъа тумани электр таъминоти бўлими фойдасига 43 млн. сўм зарар ундириш ҳақидаги қарор қабул қилинган.
Ушбу қарор Мажбурий ижро бюроси Элликқалъа туман бўлими иш юритувига келиб тушган ва бўлим давлат ижрочиси томонидан ижро ҳаракатларига киришилган.
Хусусан, қарздор М.А.га суд қарори ижроси таъминланиши лозимлиги, уни ихтиёрий равишда бажармаслик мажбурий ижро ҳаракатларига киришишга асос бўлиши ҳақида огоҳлантиришлар берилган.
Шунга қарамасдан қарздор суд қарори ижросини таъминлашни истамаган ва бўлим давлат ижрочиси унга тегишли бўлган “DAMAS” русумли автомашинани жорий йилнинг 10-февраль куни туман кўчаларининг бирида ҳаракатланиб юрган пайтида тегишли тартибда хатловга олган.
Шунда қарздор М.А. автомашина жарима майдончасида тургани учун қўшимча тўлов амалга ошириш кераклигини англаган ҳолда ундирилиши лозим бўлган 43 млн. сўм зарарни Элликқалъа тумани электр таъминоти бўлими ҳисоб рақамига нақд пул кўринишда тўлади, суд қарори ижроси амалда таъминланган.
ЎзА