МИБ: сарҳисоб ва истиқболли режалар
Андижонда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармасининг жорий йил ўтган давридаги фаолияти ҳамда йилнинг иккинчи ярми учун белгиланган режалари, шунингдек, соҳадаги долзарб масалалар юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.
Мажбурий ижро бюроси Андижон вилоят бошқармаси масъуллари, вилоятдаги босма ва электрон оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда бошқарманинг ана шу даврдаги фаолияти, келгуси режалар бўйича маълумотлар берилди.
– Жорий йилнинг ўтган даврида бошқармамиз, туман, шаҳар бўлимларимиз томонидан 948 миллиард сўмлик ижро ҳужжатлари ижроси якунига етказилди, – дейди Мажбурий ижро бюроси Андижон вилояти бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Баҳромжон Насриддинов. – Шундан 39 мингта ижро ҳужжати бўйича 538 миллиард сўм маблағ ундирилди.
Амалда ундирув ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 313 миллиард сўм ёки 140 фоизга ортди. Жорий йилнинг 5 ойида давлат фойдасига 267 миллиард сўм, хўжалик юритувчи субъектлар фойдасига 247 миллиард сўм ҳамда фуқаролар фойдасига 24 миллиард сўм маблағ ундирилди.
Анжуманда, шунингдек, солиқ қарзини ундириш билан боғлиқ 23 мингта ижро иши бўйича 244 миллиард сўм, давлат даромадига ўтказилган мол-мулклар ижроси билан боғлиқ ижро ишлари бўйича 5 миллиард сўм пул маблағи ундирилганлиги қайд этилди.
Суд қарорлари асосида қонунга хилоф равишда ишдан бўшатилган 28 нафар шахс ишга тикланди ва уларга тўланмай қолган 225 миллион сўм миқдордаги иш ҳақи ундириб берилди.
Президентимизнинг 2020 йил 24 октябрдаги “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан, ўтган беш ой мобайнида давлат фойдасига ундирувлар билан боғлиқ 6 та йўналишдаги ижро ҳужжатлари бўйича ундирилган маблағларнинг 50 фоизи, яъни 11 миллиард сўм маблағ “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларни қўллаб-қувватлаш учун йўналтирилди.
[gallery-2726]
Айни вақтда давлат ижрочиларининг иш юритувидаги 83 мингдан ортиқ ижро ҳужжатининг 31 мингтасини алимент масаласига оид ишлар ташкил этади. Таҳлилларга кўра, вилоятда сўнгги ўн йил мобайнида алимент ундируви билан боғлиқ ишлар сони 182 фоизга ортган.
Алимент ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари ижросини таъминлаш жараёнида алоқадор ташкилотлар билан ҳамкорликда оилаларни яраштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Натижада, жорий йил давомида 320 дан ортиқ оила яраштирилди. Ишсиз алимент тўловчиларнинг бандлигини таъминлаш борасида олиб борилган чора-тадбирлар натижасида 564 нафар алимент тўловчи ишга жойлаштирилди.
Анжуманда алимент тўлови бўйича электрон тизим жорий этилганлиги алоҳида айтиб ўтилди. Яъни жорий йилнинг 1 мартидан алимент мажбуриятларининг бажарилишини масофавий мониторинг қилиш тизими яратилди.
Янги тартибга кўра, ҳар бир алимент пули олувчи фуқаролар номига тегишли банк картасини расмийлаштириш ишлари бошланди ва алимент пуллари, қарздорнинг иш ҳақидан ундирувчи номига очилган пластик карталарга электрон тарзда ўтказиб бериш йўлга қўйилди.
Вилоятдаги 31 мингдан ортиқ алимент олувчи фуқаро номига “Алоқабанк” томонидан 22 минг донадан ортиқ пластик карталар очилиб, ҳозирга қадар уларнинг 15 минг нафарига тақдим этилган.
Шунингдек, анжуманда Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармасининг жорий йил иккинчи ярми учун белгиланган режалари юзасидан ҳам маълумотлар берилди. Барча йўналишлар бўйича чора-тадбирлар режаси самарали амалга оширилиши қайд этилди. Шу билан бирга қонун устуворлигини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини оширишга, бу борадаги тарғибот ишларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари МИБ фаолияти билан боғлиқ ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутасаддилардан батафсил жавоб олди.
Ф.УБАЙДУЛЛАЕВ, З.УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА