МИБ: ўзбошимчалик билан қурилган иморат буздирилди
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси органлари фаолиятида суднинг ҳал қилув қарори ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиб келинади. Яқинда Наманган вилоятининг Чуст туманида худди шундай иш тамомланди.
Бюронинг Чуст тумани бўлими томонидан навбатдаги мажбурий ижро ҳаракатлари амалга оширилди. яъни фуқаролик ишлари бўйича суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорига кўра, жавобгар шахс З. Х. томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ва 0,24 гектар ер майдонида ноқонуний равишда қурилган тураржой биноси мажбурий тартибда буздирилди.

Мазкур ер майдони белгиланган тартибда бўшатилиб, яроқли ҳолатга келтирилди. Ушбу ижро ҳужжати даъвогар – Кадастр агентлигининг Наманган вилояти бошқармаси фойдасига тўлиқ ижро этилди.
– Қонун устуворлиги — адолат мезони. Бюро органлари томонидан суд қарорларининг ўз вақтида ва тўлиқ ижро этилиши таъминланмоқда, – дейди Мажбурий ижро бюроси Чуст тумани бўлими бошлиғи Акмал Икромов. – Шу ўринда фуқаролардан ер майдонларидан фойдаланишда амалдаги қонунчилик талабларига қатъий риоя қилишларини сўраймиз.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА