МИБ: даъвогар фарзанди билан уйга киритилди
Амалдаги қонунчиликда фуқаролар гоҳида ўз ҳуқуқи бўлган уйга киритилишини сўраб судларга мурожаат этишганда, уларнинг талаби ва қонуний тарзда уйга киритилиши ҳақида ҳужжатлар қабул қилинади. Бугунги кунда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Наманган вилоят бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари иш юритувига келиб тушаётган номулкий тусдаги, яъни уйга киритиш, уйдан чиқариш, ноқонуний қурилмаларни бузиш каби ҳужжатлар ижросини таъминлаш борасида тегишли чораларни кўриб келмоқда.
Бюронинг Косонсой тумани бўлими иш юритувидаги ана шундай тоифадаги ҳужжат ижроси тўлиқ таъминланиб, амалда тамомланди. Фуқаролик ишлари бўйича Янгиқўрғон туманлараро судининг 2023 йил 12 майдаги ҳал қилув қарорига асосан даъвогар З.С.ни бир боласи билан Косонсой тумани Булоқбоши маҳалласи, Кўктош кўчасида жойлашган хонадонига мажбурий тартибда киритиб қўйиш белгиланган. Мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш борасида ҳаракатлар олиб борилган. Бироқ мажбурият бажарилмагач, ижро ҳаракатлари олиб борилган.
Дастлаб икки маротаба мажбурий ижро ҳаракатлари тайинланган. Аммо биринчи маротаба қарздор ижро тайинланган манзилда бўлмаган. Иккинчисида эса жавобгар бетоблиги сабабли қолдирилган. Навбатдаги тайинланган ижро давомида суриштирувчи томонидан қарздорга қаршилик кўрсатганлик учун жавобгарлик тушунтирилганидан кейин тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида уйга киритиб қўйилиши таъминланди.
– Умуман, Бюронинг шаҳар ва туманлар бўлимлари иш юритувига келиб тушаётган номулкий тусдаги ҳужжатлар ижроси алоҳида назоратда, – дейди МИБ Наманган вилояти бошқармаси суриштирув ва маъмурий амалиёт шуъбаси катта суриштирувчиси Содиқжон Муҳиддинов. – Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида 1 минг 597 та шу турдаги ижро ҳужжати келиб тушган. Олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари натижасида уларнинг 799 таси амалда тамомланган. Асосийси, уйга киритиш, уйдан чиқариш сингари ҳужжатлар ижросини таъминлаш давомида тарафларга ҳуқуқий тушунчалар бериб келинмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири.