Механизаторлар пахта теримига тайёрланмоқда
Тошкент вилоятида 2026 йилги пахта терими мавсумида иштирок этадиган механизатор ва операторларнинг касбий маҳоратини ошириш, замонавий пахта териш машиналаридан самарали ва хавфсиз фойдаланиш кўникмаларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, Оққўрғон туманидаги Илғор касбий маҳорат техникумида пахта териш машиналари механизатор ва операторлари учун махсус ўқув-семинар ташкил этилди. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда Тошкент вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари Хуршид Қорабоев, вилоят Қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари Равшан Норбоев, туман ҳокимликларининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича масъуллари, соҳа мутахассислари, механизатор ва операторлар иштирок этди.

Жараёнда замонавий пахта териш машиналарини бошқарувчи мутахассисларни тайёрлаш, уларнинг назарий билим ва амалий кўникмаларини ошириш, техникалардан унумли ҳамда хавфсиз фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди. Маълумотларга кўра, айни пайтда Тошкент вилоятида 80 та “BASHIRAN”, 25 та “FMWORD” ва 25 та “CASE” русумли пахта териш машинаси мавжуд. Мазкур техникалардан самарали фойдаланиш кўп жиҳатдан уларни бошқарадиган мутахассисларнинг малакаси ва тайёргарлигига боғлиқ.

Шу боис ўқув машғулотларида пахта териш машиналарини бошқариш, уларга техник хизмат кўрсатиш, меҳнат хавфсизлиги талабларига риоя этиш, шунингдек, замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш бўйича назарий ва амалий билимлар берилмоқда.
Беш кунга мўлжалланган махсус ўқув курсига Тошкент ирригация ва мелиорация институти мутахассислари ҳам жалб этилган. Машғулотлар давомида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоб берилиб, пахта терими жараёнида юзага келиши мумкин бўлган турли ҳолатлар бўйича амалий тавсиялар айтилмоқда.
Ўқув курси якунида белгиланган талабларни муваффақиятли ўзлаштирган иштирокчиларга махсус сертификатлар топширилади.

Мутахассисларнинг мавсумга пухта тайёргарлиги пахта теримини белгиланган муддатларда, сифатли ва уюшқоқлик билан ўтказиш, қишлоқ хўжалиги техникаларидан самарали фойдаланиш ҳамда етиштирилган ҳосилни нобуд қилмасдан йиғиб-териб олишда муҳим аҳамият касб этади.
А.Мусаев,ЎзА.