Металл маҳсулотларига эҳтиёж қайси қувватлар ҳисобидан қопланади?
Президент Шавкат Мирзиёев қора металлургия саноатини янги босқичга олиб чиқиш бўйича устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказмоқда.
Сўнгги ўн йилда мамлакатимизда пўлат лист, навли прокат, қувурлар ва металл конструкцияларга эҳтиёж 3 карра ортиб, 5,5 миллион тоннага етди.
Янги қурилаётган атом электр станцияси, Тўртинчи мис бойитиш фабрикаси ва янги мис эритиш заводининг ўзига 2,5 миллион тоннага яқин пўлат лист ва арматура керак бўлади.
Келгуси беш йилда 180 миллиард долларлик янги қувватлар ишга туширилади, 27 миллиард долларлик инфратузилма лойиҳалари амалга оширилиб, 800 минг хонадонли кўп қаватли уй-жойлар барпо этилади.
Натижада металл маҳсулотларига йиллик эҳтиёж 2030 йилгача 1,5 баробар кўпайиб, 8 миллион тоннадан ортади.
Давлатимиз раҳбари мутасаддиларга ушбу эҳтиёж қайси қувватлар ҳисобидан таъминланиши юзасидан аниқ ҳисоб-китоблар бўлиши зарурлигини кўрсатиб ўтди.
ЎзА