“Менинг танловим келажакка дахлдор”
Далер Мирзаев Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг биринчи курс талабаси.
Сайлов–2019
Далер Мирзаев Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг биринчи курс талабаси. У бу йил ўн саккиз ёшга тўлди. Демак, давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ҳуқуқига эга бўлди. Шу боис Далер жорий йилнинг декабрь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларни катта ҳаяжон билан кутмоқда.
Мазкур сайлов аввалгиларидан қай жиҳатлари билан фарқли, қандай янгилик ва ўзгаришлар бор? Бўлажак ҳуқуқшунос ўзи учун қизиқ бўлган шу каби саволларга университетда “Демократик сайловлар ва халқаро стандартлар” мавзусида ўтказилган тадбирда аниқ ва батафсил жавоб олиш имконига эга бўлди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан ташкил этилди.
Таъкидланганидек, бу йилги сайловларга “Янги Ўзбекистон. Янги сайловлар” деган ҳаётий сўзлар шиор сифатида танлангани бежиз эмас. Чунки мазкур сиёсий жараён Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида, миллий сайлов тизимига жорий этилган ўзига хос янгиликлар билан уйғун тарзда бўлиб ўтади.
Бўлажак сайловларнинг энг аҳамиятли жиҳати шундаки, сиёсий жараёнлар жорий йил июнь ойида тасдиқланган Сайлов кодекси тамойиллари асосида ўтказилади. Тадбирда Марказий сайлов комиссияси аъзолари талабаларга шу ҳақда батафсил маълумот берди.
Қайд этилганидек, Сайлов кодекси Президент, Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш тартибини белгилайди.
Сайлов кодекси билан сайлов округлари ва участкаларини тузиш, сайлов комиссиялари фаолиятини ташкил этиш тартиби белгиланди. Унга мувофиқ, Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш учун 150 та ҳудудий сайлов округи тузилади. Илгари 135 та округ тузилган ва 15 нафар депутат Ўзбекистон экологик ҳаракати учун квоталанган эди. Эндиликда Ўзбекистон Экологик партияси ташкил этилганлиги боис ушбу партия депутатликка ўз номзодларини умумий сайловларга қўйган ҳолда Қонунчилик палатасидан ўрин эгаллаши мумкин.
Бугун замонавий ахборот-коммуникация технологиялари татбиқ этилмаган соҳанинг ўзи йўқ. Сайлов тизими ҳам бундан мустасно эмас. Жорий йилги сайловлардаги энг муҳим янгиликлардан бири ҳам айнан шу билан боғлиқ. Яъни, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати шакллантирилади.
Унга кўра, сайловчилар Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида сайловчиларнинг рўйхати тўғрисидаги ўзи учун керакли маълумотлар билан танишиши мумкин.
– Сайловларда илк бор иштирок этаман, – деди Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабаси Бахтиёр Азизов. – Шунинг учун мазкур сиёсий жараён ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлишим муҳим. Шахсан менга сайлов тизимига замонавий ахборот технологиялари татбиқ этилаётгани манзур бўляпти. Масалан, сайлов жараёнини бошқариш бўйича ахборот тизими шакллантирилгани ҳар томонлама қулайлик деб ҳисоблайман. Негаки, мазкур тизим сайловчини ўзи яшаб турган жойга алоқадор участка ҳақида маълумот олиш имкониятини беради. Сайлов куни овоз бериш учун келганлар СЖБАТ операторларига мурожаат қилиб, сайлов бюллетенини олиб, овоз бериш кабинасида ўз номзодини белгилайди. Натижада бир вақтнинг ўзида сайловда иштирок этганларнинг тўлиқ рўйхати автоматик тарзда шакллантирилади. Бу бир шахснинг бир неча маротаба овоз бериши ёки бир кишининг бутун оила аъзолари учун овоз беришининг олдини олишга хизмат қилади. Айни жиҳат сайловларнинг шаффофлигини янада кенгроқ таъминлаши билан ҳам алоҳида аҳамиятли, деб ўйлайман.
Тадбирда “Сайлов – 2019” мобиль иловаси хусусида ҳам сўз юритилди. Қайд этилишича, унда сайловга оид қонун ҳужжатлари, сайлов комиссиялари фаоллари ҳақида маълумотлар, сайловчилар, комиссия аъзолари, сиёсий партиялар ва номзодлар ҳамда кузатувчилар учун услубий тавсиялар, ўқув материаллари, китоблар ва мақолалар, сайлов мавзуси бўйича савол-жавоблар ўрин олади. Шунингдек, сайловчиларга ўз сайлов участкасини топишида кўмаклашиш учун махсус ҳавола ҳам жойлаштирилади.
Хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар кузатувчиларининг иштироки демократик сайловларни очиқ ва ошкора ўтказишнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Тадбирда шу ҳақда сўз юритилар экан, халқаро кузатувчилар аввалги сайловлардагидан кўра кўпроқ бўлиши, хусусан, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) вакиллари сайловга тайёргарликдан то овоз беришгача бўлган барча жараёнларни кузатиши айтиб ўтилди.
Марказий сайлов комиссияси аъзоларининг сўзларига кўра, айни шу мақсадда Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси томонидан ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросига (ДИИҲБ) Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловларига тайёргарликнинг боришини баҳолаш учун таклифнома юборилган.
Эҳтиёжларни баҳолаш бўйича миссия (ЭБМ) сайловолди муҳити ва уларга тайёргарлик жараёни, мамлакатимизда эркин ва демократик сайловлар ўтказилишини таъминлаш бўйича амалга оширилган чора-тадбирларни ижобий баҳолади. ЕХҲТ Доимий кенгаши томонидан мамлакатимизда жорий йилда бўлиб ўтадиган сайловларга тўлақонли кузатув миссиясини юборишни мақсадга мувофиқ, деб топди.
– Маълумот берилишича, бу йил сайловларда 20 миллиондан ортиқ сайловчи иштирок этади, – деди Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабаси Далер Мирзаев. – Шундан икки миллиондан зиёд ёшлар илк бор овоз беради. Мен уларнинг сафида эканимдан хурсандман. Чунки ҳар бир овоз келажакка дахлдор. Демак, Ўзбекистоннинг эртаси, халқимизнинг тақдирини ҳал этишда менинг танловимни ҳам ўз ўрни бўлади.

