“Мендан кетгунча – эгасига етгунча” қабилида ишлаётганлар
Ҳар бир истеъмолчи харид қилган ёки харид қилаётган маҳсулотни сифати, сертификати тўғрисида маълумот талаб қилишга ҳақлидир.
Бу ҳуқуқ қонун билан ҳимояланган. Афсуски, бугун истеъмолчилар ушбу ҳуқуқларини тўлиқ англамаслигига ҳам гувоҳ бўляпмиз.
Бугун Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерациясига энг кўп келиб тушаётган мурожаатлар ҳам айнан сифатсиз маҳсулотлардан “куйиб” қолганлар билан боғлиқ. “Мендан кетгунча – эгасига етгунча” қабилида ишлаётган баъзи тадбиркорлар ишлаб чиқараётган маҳсулотларнинг яроқсиз ёки носозлиги фуқароларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда.
Буюмларни қайтариб олишдан бош тортаётган савдо ходимлари устидан эса шикоят аризалари ҳам кўпаймоқда.
Шундай мурожаатлардан бири Самарқанд вилояти Пайариқ туман Челак шаҳрида яшовчи С.Асқаровга тегишли. У Самарқанд шаҳрида жойлашган “НАВРАС” МЧЖ дан харид қилган жами 10 миллион сўмлик плиталарининг мутлақо сифатсизлигидан шикоят қилган.
Истеъмолчи маҳсулотни сифатлисига алмаштириш ёки пулни қайтаришни сўраган, аммо МЧЖ раҳбарияти бундан бош тортган.
Ҳолатни Самарқанд шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиши жамияти ходимлари қонун доирасида ўрганиб, 10 миллион пулни эгасига ундириб берди.
Шуни айтиб ўтиш керакки, Европа тажрибасига кўра, ҳар бир истеъмолчи харид қилаётган маҳсулот, товар (иш хизмат) ларнинг сифат кўрсатгичларини алоҳида талаб қилаверса, ўз-ўзидан сифатсиз маҳсулотлар савдоси камайиб боради.
Бу учун фуқаролар ўз навбатида, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунлар, ундаги ўзгаришлар тўғрисида хабардор бўлиб туришлари лозимдир.
Мафтуна Каримова, ЎзА