Мен янги ва бахтли ҳаётни танлайман
Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида «Мен янги ва бахтли ҳаётни танлайман» мавзуида форум ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда вилоят ички ишлар бош бошқармалари томонидан Олий Мажлис Сенати, БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг Ўзбекистондаги вакили, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган форумда бугунги кунда Ўзбекистондаги хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, аёлларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўлақонли иштирок этишига эришиш, улар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалаларига эътибор қаратилди.

Сўнгги уч йилда мамлакатимизда хотин-қизлар аҳволини яхшилаш, уларнинг ижтимоий ҳимояланишини кучайтириш, жамият ривожи ва давлат бошқарувидаги фаоллигини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Маълумки, ҳозирги вақтда мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 50 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Лекин хотин-қизларнинг барча соҳалардаги самарали меҳнати, фарзандлар тарбияси, оила ҳаётидаги улкан хизматларини ҳисобга олиб айтадиган бўлсак, жамиятдаги ўрни, Ўзбекистонимиз эришаётган ютуқлардаги беқиёс ҳиссасини ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайди.

Президентимиз ташаббуслари билан хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, саломатлигини мустаҳкамлаш, таълим олишини таъминлаш, ҳаётини янада обод ва фаровон қилишга қаратилган бир қанча фармон ва қарорлар, Ҳукумат қарор ва фармойишлари қабул қилинди.
2019 йил 2 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги ҳамда «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги Қонунлари қабул қилинди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бугунги кунда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи орган ҳамда муассасалар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этган, ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояга муҳтож, оғир ижтимоий аҳволда қолган, шу жумладан, оилавий муаммолар, турмушида зўрлик ишлатилишига дуч келган аёлларни аниқлаш, улар билан якка тартибдаги профилактик тадбирларни ўтказиш ва шу орқали соғлом турмуш тарзига қайтариш энг долзарб масалага айланди.
Шунингдек, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини тўлақонли таъминлаш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида республика, вилоят ва туман (шаҳар) ички ишлар органлари тизимида хотин-қизлар билан ишлаш масалалари бўйича инспектор лавозимлари жорий этилганлиги, уларга бевосита хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган тадбирларни мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда қийин аҳволга тушиб қолган ҳар бир хотин-қизга ёрдам кўрсатишни ташкил этиш, улар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш вазифалари юклатилди.

Дарҳақиқат, қайси соҳага назар ташласак, албатта, у ерда аёлларнинг меҳнат қилаётганлигига гувоҳ бўламиз. Жумладан, Ички ишлар вазирлиги ва унинг тизимларида эркак ходимлар билан бир сафда, бир мақсад йўлида садоқат ва фидойилик билан хизмат қилаётган нозик таъб эгалари бўлмиш аёл ходималар самарали хизмат қилиб келмоқда.
Бугунги кунда ички ишлар органларида олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида хотин-қизларга алоҳида эътибор қаратилиши натижасида шахсий таркибда аёллар улуши деярли 11 фоизга етди.

Форумда аёллар ўртасида ҳуқуқбузарликнинг барвақт олдини олиш масаласи доимий эътибор марказида туриши лозимлиги қайд этилди. Бу борада, биринчи навбатда, ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояга муҳтож бўлган шахслар билан якка тартибда иш олиб бориш ҳамда жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган хотин-қизларни ижтимоий реабилитация қилиш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шунингдек, форумда таъкидланганидек, хотин-қизларга нисбатан жисмоний, руҳий, жинсий ёки иқтисодий таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказиш чораларини қўллаш билан таҳдид қилиш орқали уларнинг ҳаёти, соғлиғи, жинсий дахлсизлиги, шаъни, қадр-қиммати ва қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ва эркинликларига тажовуз қилинадиган ғайриҳуқуқий ҳаракатлар зўравонлик сифатида баҳоланиб, жабрланувчи хотин-қизлар давлат ҳимоясига олиниб, уларга ҳудудий ички ишлар органларининг масъул ходими томонидан «Ҳимоя ордери» тақдим этилади.

Шаҳноза МАМАТУРОПОВА, ЎзА