"Мен ҳам ҳарбий бўламан” китоб-альбоми тақдимоти
Сардоба туманида Республика Маънавият ва маърифат маркази Сардоба тумани бўлинмаси, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, ИИВнинг туман бўлимлари ходимлари ҳамда 6- ўрта умумтаълим мактабида очилган “Ёш гвардиячилар” синфи ўқувчилари иштирокида “Мен ҳам ҳарбий бўламан” китоб-альбоми тақдимоти бўлиб ўтди.
– Ёшларни миллий ғурур, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасидаги саъй-ҳаракатларни янада ривожлантириш мақсадида туманимизда турли-туман тадбирлар тизимли равишда ўтказилмоқда, – дейди маҳаллий "Шарафли йўл" газетаси бош муҳаррири, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Суюн Намозов.


– Бинобарин Республика Маънавият ва маърифат маркази тегишли вазирлик ва ташкилотлар билан биргаликда чоп эттирилган “Мен ҳам ҳарбий бўламан” китоб-альбом тақдимоти ўтказилиши хайрли ишларга ҳамоҳанг бўлди. Ушбу ажойиб рисола икки қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисмида Марказий Осиё ва Ўзбекистон тарихида ҳарбий иш, қуролланиш соҳаси ва мудофаа тизими ҳақида қисқача баён этилган, иккинчи қисмида Ўзбекистон Қуролли Кучларининг ташкил топиши ва ривожланиши билан боғлиқ маълумотлар мужассам.
Тақдимотда китоб-альбомда миллий давлатчилигимиз тарихи, Ватан мустақиллиги ва озодлиги йўлида жасорат ва мардлик кўрсатган қаҳрамон аждодларимиз ҳаётидан лавҳалар, жанговар қуролларнинг ривожланиш тарихи, замонавий армиямиз салоҳияти, мудофаа доктринамиз ўз аксини топганлиги алоҳида таъкидланди.


Ғулом Примов, ЎзА мухбири