“Мен ғолиб” оммавий югуриш мусобақаси ўтказилди
Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, ёшлар ва аҳоли ўртасида оммавий спорт ҳаракатини кучайтириш мақсадида “Мен ғолиб” шиори остида оммавий югуриш мусобақаси ташкил этилди.
Тонгги мусаффо ҳаво ва спорт руҳида бошланган тадбир Истироҳат боғи ҳудудидан старт олди. Мусобақада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ходимлари, профессионал спортчилар ҳамда югуришни ҳаёт тарзига айлантирган ҳаваскор ёшлар бир сафда иштирок этишди.


Тадбир очилишида сўз олган ташкилотчилар спорт нафақат жисмоний фаоллик, балки инсонда ирода, интизом ва мақсад сари интилувчанликни шакллантиришда муҳим ўрин тутишини таъкидладилар. Шунингдек, бундай оммавий югуришлар ёшларни зарарли одатлардан йироқлаштириб, соғлом ҳаётга чорлаши алоҳида қайд этилди.

Мусобақа давомида иштирокчилар ўртасида кескин рақобат кузатилди. Бироқ кўпчилик учун бу тадбир фақат натижа учун эмас, балки ўз-ўзини синаш, чидам ва сабрни мустаҳкамлаш имконияти бўлди. Майдон бўйлаб югурган ҳар бир иштирокчи ўз имконияти ва иродасини синовдан ўтказди.

– Мен учун бу мусобақа ғалаба учун эмас, ўзимни енгиш учун эди. Ҳар қадамим менга ишонч берди, – дейди Моҳира Худойқулова, Гулистон давлат университети талабаси.

– Бундай тадбирлар бизга куч ва мотивация беради. Спорт орқали соғлом ҳаётга янада яқинлашяпмиз, – дейди меҳнат фахрийси Сабоҳат Жўраева.
Тадбир якунида фаол иштирок этган ва юқори натижалар кўрсатган иштирокчилар ташкилотчилар томонидан медаллар ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири