Мемориал мажмуа ҳудуди очиқ жамоат паркига айлантирилмоқда (+видео)
Июль ойида Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Тошкентдаги истироҳат боғларини кўздан кечириб, уларни аҳоли учун янада қулай, замонавий ва очиқ жамоат масканларига айлантириш бўйича топшириқ берган эди.
Ҳозирда ушбу ташаббус доирасида Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига туташ 37 гектар майдондаги ҳудудни комплекс ривожлантириш ва уни замонавий очиқ жамоат паркига айлантириш ишлари бошланди. Лойиҳа доирасида парк ҳудуди замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида қайта ташкил этилади.
Асосий эътибор ҳудудни фуқаролар учун янада очиқ ва қулай қилиш, яшил майдонларни кўпайтириш ҳамда замонавий инфратузилмани яратишга қаратилади. Шунингдек, паркда пиёдалар учун қулай йўлаклар, дам олиш масканлари, кўкаламзор ҳудудлар ва бошқа зарур инфратузилма барпо этилиши режалаштирилган. Натижада ҳудуд нафақат мемориал мажмуа атрофи, балки пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари учун ҳам замонавий жамоат маконига айланиши кўзда тутилган.
Мазкур ишлар Тошкентда яшил ҳудудларни кенгайтириш, экологик вазиятни яхшилаш ва аҳолининг мазмунли дам олиши учун қулай шароит яратишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларнинг бир қисми ҳисобланади. Бу ташаббус пойтахтда очиқ жамоат маконлари сонини кўпайтириш ва шаҳар муҳитини янада қулай ҳамда жозибадор қилишга хизмат қилади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/cDhXo2XSUfk" title="Memorial majmua hududi ochiq jamoat parkiga aylantirilmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Дилдора ДЎСМАТОВА,
Дониёр Ёқубов, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА.