Мелиорация – мўл ҳосил гарови
Қашқадарё вилоятида 2008-2015 йилларда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш давлат дастури доирасида 131 миллиард сўмлик 224 йирик лойиҳа амалга оширилди.
Қашқадарё вилоятида 2008-2015 йилларда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш давлат дастури доирасида 131 миллиард сўмлик 224 йирик лойиҳа амалга оширилди.Вилоятда мавжуд очиқ зовурларни тизимли таъмирлаш-тиклаш, ёпиқ-ётиқ дренажларни ювиш, тик мелиоратив ва кузатув қудуқларини таъмирлаш, коллектор-дренаж тармоқлари билан таъминланмаган ерларда янги зовурлар қуриш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар тупроқ унумдорлигини ошириш, маҳсулот етиштириш ҳажмининг ўсишига хизмат қилмоқда.
Президентимизнинг 2013 йил 19 апрелдаги “2013-2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим омил бўлаётир.
Маълумотларга кўра, ўтган йили вилоятда 28 лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиб, 923 километрдан зиёд коллекторларни қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда тизимли таъмирлаш-тиклаш бўйича 38 миллиард 861 миллион сўмлик иш бажарилган. Хусусан, 152 километр узунликдаги янги коллектор ва ёпиқ-ётиқ дренажлар қурилган. 77,42 километр коллектор реконструкция қилиниб, 693,2 километр коллектор тозаланган.
– Мелиоратив тадбирлар мунтазамлиги мўл ҳосил гаровидир, – дейди Аму-Қашқадарё ирригация тизими ҳавза бошқармаси раҳбари Ботир Раҳимов. – Давлатимиз томонидан ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга қаратилаётган алоҳида эътибор ўз самарасини бераётир. Тизимда фаолият юритувчи пудратчи корхоналар сони ортиб, уларнинг замонавий ва тежамкор техникалар билан таъминланаётгани иш самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда. Жумладан, ўтган йили амалга оширилган шундай чора-тадбирлар туфайли вилоят ҳудудидаги кучли ва ўртача шўрланган майдонлар 1,53 минг гектарга камайди, сизот сувлари сатҳи 2 метргача бўлган 2,8 минг гектар майдон яхшиланди, 37,56 минг гектар майдонда сизот сувлари сатҳини меьёр даражасида сақлашга эришилди.
Мутахассисларнинг фикрича, мелиорация тадбирларининг сифатли бажарилиши тупроқда экин учун қулай бўлган сув ва ҳаво, ҳарорат ва озиқ режимини, атмосферанинг ер юзасига яқин қатламида ҳавонинг ҳарорати ҳамда ҳаракатини ўзгартириш имконини беради. Натижада янги ерлар ўзлаштирилиб, экин майдонлари кенгаяди, ер унумдорлиги ортиб, ҳосилдорлик ошади, маҳсулот сифати яхшиланади. Шу боис, мамлакатимизда зовур тармоқларининг улкан инфратузилмаси яратилган. Мазкур инфратузилмани ишчи ҳолатда сақлаш қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришни барқарор ривожлантиришга замин яратувчи энг муҳим омиллардан саналади.
Ўтган йили олиб борилган ана шундай мелиоратив тадбирлар натижасида вилоятдаги 715 фермер хўжалигининг 41 минг 89 гектар суғориладиган майдони мелиоратив ҳолати барқарорлашди.
Косон туманидаги “Казак бобо” фермер хўжалигининг ер майдони ҳам турли даражада шўрлангани боис ҳосилдорлик паст эди. Ўтган йили коллекторларда тизимли таъмирлаш-тиклаш ишлари ниҳоясига етказилди. Натижада фермер хўжалиги жамоаси ғаллачилик ва пахталикда ҳосилдорликни 10-15 центнерга оширишга эришди.
– Бир неча йил давомида ердан кутилган ҳосил ололмадик. Меҳнатга яраша натижа бўлмасди, – дейди ушбу фермер хўжалиги раҳбари Суюн Казаков. – Ғалладан ҳам, пахтадан ҳам ҳосилдорлик 20 центнердан ошмасди. Еримиз атрофидан ўтган зовур икки сира қазилиб, зах сувлар қочирилди. Ўтган йилдан бошлаб ҳосилдорлик 30-35 центнерга етди. Ҳозирги кунда экин майдонимиз атрофидаги ариқларни лойқадан тозалаш, сув тармоқларини таъмирлаш ишларини якунлаб, ерни чигит экишга ҳозирлаб қўйдик. Ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сувдан оқилона фойдаланиш фермерлардан ҳар томонлама омилкорликни талаб этади. “Ерни боқсанг – ер сени боқади”, деган нақл бежиз айтилмаган. Бу йилдан умидимиз катта.
2013-2015 йилларда вилоятнинг 21 ирригация объектида 55 миллиард 510 миллион сўмлик иш бажарилди.Жумладан, Қамаши туманида Қўнғир, Жайилма насос станциялари, Миришкор, Қарши, Муборак, Косон туманларида 24 километрлик ирригация тармоқлари ишга туширилди. Бунинг натижасида 15 минг гектар ер майдонида сув таъминоти яхшиланди. Кўп йиллардан буён фойдаланилмай келаётган Эски Бешкент канали қайта тикланди. Унинг 4,6 километри реконструкция қилинди ва 1,7 километрлик янги лоток тармоғи қурилди. Бу Қарши шаҳрининг Чақар, Чармгар, Махсумобод, Геолог, Мағзон ва Қиличбек-қўрғонча маҳаллаларидаги аҳолининг 500 гектар томорқа ерларини оқар сув билан таъминлаш имконини берди.
Жорий йилда ҳам бу каби тадбирлар давом эттирилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан вилоятдаги 19 объектда қурилиш-реконструкия ишлари амалга оширилади.