Мексикада ўғирлаб кетилган генерал топилди
Йирик миқдорда гаров пули ундириш мақсадида олиб қочилган Мексика Мудофаа вазирлиги Бригада генерали Хосе Лира кеча озод этилди.
Ўтган шанба куни йирик миқдорда гаров пули ундириш мақсадида олиб қочилган Мексика Мудофаа вазирлиги Бригада генерали Хосе Лира кеча озод этилди. Бу ҳақда марказий Пуэбла штати губернатори Мигел Барбоса маълум қилди.
«У қутқарилди, ёнида штат Бош прокуратураси ходимлари бор», - деди губернатор журналистларга қарата. Мазкур видео лавҳани “NG Noticias” нашри тарқатган.
Ҳарбий коллеж раҳбарларидан бири Хосе Гилермо Лира Эрнандес бир неча кун олдин Пуэбла штати Тепеско муниципалитетидан ўғирлаб кетилган эди. Гаровдаги мулозим Мехико штатининг Атлаутла муниципалитети ҳудудида озодликка чиқарилди.
Маҳаллий ОАВ хабарига кўра, жиноятчилар генерал учун 5 миллионов песо (тахминан 230 минг доллар) гаров пули талаб қилишган. Унинг қўйиб юборилиши билан боғлиқ тафсилотлар эса ҳозирча ошкор этилмаяпти. Ижтимоий тармоқларда ўғирлаш чоғи берилган зарбалар натижасида Хосе Лиранинг юзида жиддий жароҳат излари қолган фото суратлар учрамоқда.