Меҳнат қонунчилигидаги ўзгаришлар
Бухоро давлат университетида Президентимиз томонидан 2022 йил 28 октябрда тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида” ги ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Меҳнатни муҳофаза қилиш” қонунлари талаблари асосида меҳнат муҳофазаси қонунчилигидаги ўзгаришларга бағишланган ўқув-семинар машғулоти ўтказилди.
– Тадбир университет раҳбар ходимлари, профессор-ўқитувчилари, ишчи-ходимларини қонун ва меҳнат қонунчилигидаги ўзгаришлар билан таништириш, уларнинг ҳаёти ва саломатлиги хавфсизлигини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир, – дейди университетнинг Фуқаро ва меҳнат муҳофазаси сектори муҳандиси Ф.Болтаев.

Семинарда университетнинг ўқув ишлари бўйича проректори Р.Жумаев қатнашчилар, семинар мавзуси, ўтказиш асослари, асосий мақсади, ташкилотчилар ҳамда олиб бориш тартиби билан таништирди. Иштирокчиларнинг саволларига соҳа мутахассислари томонидан батафсил жавоб берилди.

Университетда меҳнат муҳофазаси соҳасида олиб борилаётган ишлар, мажбурий суғурта, иш жойлари аттестацияси, тиббий кўрикдан ўтиш, меҳнат муҳофазаси бўйича ишлаб чиқилган йўриқномалар, иш жойида меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқнома ўтказиш тартиблари, бу йўриқнома ўтказиш бўйича масъул раҳбарлар ва ходимлар томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди.
Зариф Комилов, ЎзА