Меҳнат фахрийлари ўзаро баҳслашди
Хоразмда “Бир нуроний ўн ёшга масъул” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Танлов “Бир нуроний ўн ёшга масъул” лойиҳаси асосида ёшларга бириктирилган нуронийларни жамият ҳаётига фаол жалб қилиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, ёшларимиз тарбиясида кекса авлод вакиллари тажрибасидан кенг фойдаланиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ажрим ёқасида турган ёш оилалар ўртасида барқарор муҳитни вужудга келтириш борасида амалга оширилаётган ишларни тарғиб қилиш ва ижросини таъминлашда фаол иштирок этаётган нуронийларни рағбатлантиришга қаратилган.
Танлов доирасида меҳнат фахрийлари ўз ҳудудларида биркитилган ёшлар билан самарали ишларни амалга оширган.
– Ҳар биримиз ёшлар келажагига масъул инсонлармиз, – дейди “Нуронийлар” жамғармаси Хоразм вилоят бўлими раҳбари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қурувчи, “Дўстлик” ва “Эл-юрт ҳурмати” орденлари соҳиби Рустам Султонов.– Чунки, бизнинг узоқ йиллар давомида орттирган ҳаётий тажрибаларимиз, касбий маҳоратимиз бугун йигит ва қизларга катта ибрат мактабидир. Зеро, мамлакатимиз Президенти томонидан эълон қилинган еттита муҳим миллий дастурнинг асл мазмун-моҳияти айнан инсон манфаатлари, юрт истиқболи, тинчлиги ва фаровонлигини ўзида ифода этгани билан ҳам ниҳоятда аҳамиятлидир.
Кўрик-танловда туман (шаҳар) босқичида биринчи ўринни эгаллаган нуронийлар уч шарт бўйича ўзаро баҳслашди.

Якуний натижаларга кўра, боғотлик Шарофат Худойберганова 1-ўринга лойиқ деб топилган бўлса, 2- ва 3-ўринларга қўшкўпирлик Отабой Шарипов ва ҳазорасплик Равшанбек Қўчқоровлар муносиб кўрилди.
– Ёшларни тўғри йўлга солиш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, касб-корли, ишли қилишда нуронийлар тажрибаси ўта муҳим, – дейди вилоят босқичи ғолиби Шарофат Худойберганова. – Давлатимиз раҳбарининг ушбу ташаббусларини ҳақиқатда ўзим учун ўта муҳим вазифа деб биламан. Танлов давомида иштирокчиларнинг мазкур йўналишдаги самарали ишларини кўриб, ўз фаолиятимдаги ижобий натижалар нуронийлар зиммасида улкан масъулият борлигини яна бир бор исботлади, деб ўйлайман. Энг муҳими, келгуси фаолиятимизда янада масъулият билан ишлаб, маҳалла ёшларига бош бўлиб, эзгу мақсадларга етаклаймиз. Билдирилган ишончга республика босқичида муносиб бўлишга ҳаракат қиламан.
Ғолиб ва совриндорлар, шунингдек, барча иштирокчилар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири