Медиа соҳасида сунъий интеллектни қўллаш жараёнлари муҳокама қилинди
Пойтахтимизда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда Турк ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА) ҳамкорлигида “Сунъий интеллект асосида кино ва видео ишлаб чиқариш” ўқув курси бошланди. Мазкур ўқув дастури ёшларнинг замонавий медиа технологиялари, креатив индустрия ва сунъий интеллект имкониятлари бўйича билим ҳамда амалий кўникмаларини оширишга қаратилган.
Курс учун Туркиядан медиа ва сунъий интеллект технологиялари йўналишидаги махсус мутахассислар жалб этилган бўлиб, иштирокчиларга халқаро тажриба асосида назарий ва амалий билимлар улашилмоқда. Дастур давомида қатнашчилар сценарий ёзиш асослари ва кино ишлаб чиқариш жараёнларида сунъий интеллект имкониятлари бўйича билимларга эга бўлмоқда.



Шунингдек, Midjourney, Runway, ChatGPT, Kling, Veo каби замонавий платформалар ёрдамида визуал саҳналар яратиш, AI видео генерация, монтаж ва креатив контент ишлаб чиқиш бўйича амалий машғулотлар ҳам ташкил этилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА