“Медиа ҳафталик” жанубда контент яратишни ўзгартирадими?
Термиз туманидаги “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонасида оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогер ва матбуот котиблари учун ўтказилаётган “Медиа ҳафталик” давом этмоқда.
Контент маркази, Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси, Ёшлар ишлари агентлиги ва Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирнинг биринчи куни иштирокчилар “Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази” эксперти Н.Тошпўлатова, “Менинг юртим” телеканали журналисти У.Олимова, Контент маркази мутахассиси Р.Шораҳимов алоҳида йўналишларда газета, журнал ва интернет нашрлари раҳбар ва ходимлари, тележурналистлар, оператор ва фотомухбирлар учун замонавий медиадаги амалиёт, муаммо ва уларнинг ечимлари ҳақида қизиқарли маърузалар ўқиди. Интерактив машғулотлар ўтказди. Қатнашчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Соҳа ходимларининг амалиётни назария билан бирлаштириб, ўзаро тажриба алмашишига хизмат қилаётган машғулотларда вилоятдаги босма ва электрон ОАВларнинг 40 га яқин, давлат идораларининг 58 нафар матбуот котиблари, телевидениеларнинг 29 нафар тасвирчи ва монтаж усталари, шунингдек, тележурналистлар, ҳужжатли кўрсатув ва видеофильм тайёрловчилар, блогерлар ўз малакасини ошириб, маҳорат дарсларидан баҳраманд бўлади.
[gallery-28738]
– Ҳафталикнинг баҳс-мунозараларга бой ўтаётгани воҳада соҳа ходимларини ягона мақсад йўлида бирлаштириб, уларнинг онгида янгича фикрлаш ғояларини мустаҳкамлаётгани эътиборга сазовор бўлмоқда, – дейди вилоят ҳокимлигининг матбуот хизмати раҳбари М.Давлатов. – Шу нуқтаи назардан ҳафталик қатнашчиларнинг контент яратиш услубларини тубдан ўзгартириб, жамиятдаги ўзгариш ва янгиланишларни холисона, тезкор ёритишида муҳим аҳамият касб этишига катта умид уйғотмоқда.
Ҳафталик иштирокчилари соҳа ходимларининг ижтимоий масъулияти, касб этикаси ва медиа қонунчилиги бўйича ҳам ўз билимини оширмоқда.
“Медиа ҳафталик” давом этмоқда.
Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат),
ЎзА мухбирлари