Медиа ҳафталик Сирдарёнинг ахборот салоҳиятини намоён этди
Сирдарё вилоятида ўтказилган “Медиа ҳафталик” доирасида 777 нафар медиа соҳаси вакили, журналист, блогер, матбуот котиби ва ёш контент яратувчилар қамраб олинди. Беш кун давом этган ўқувлар, амалий машғулотлар ва маҳорат дарслари ҳудудда замонавий медиа муҳитини шакллантириш, ахборот соҳаси ходимларининг касбий салоҳиятини ошириш ҳамда рақамли коммуникациялар имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилди.
Бугун ахборот давлат ва жамият ўртасидаги очиқ мулоқотни таъминлайдиган муҳим омилга айланмоқда. Шу боис мамлакатимизда журналистика, ахборот сиёсати ва рақамли коммуникациялар соҳасини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. “Медиа ҳафталик” ана шу саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодаси сифатида аҳамият касб этди.


Гулистон шаҳридаги Ёшлар марказида ташкил этилган тадбирлар журналистлар, блогерлар, матбуот котиблари, мобилографлар, SMM мутахассислари ва контент яратувчи ёшларни бир майдонга жамлади. Иштирокчилар замонавий журналистика, медиахавфсизлик, фактчекинг, мобил журналистика, стратегик коммуникациялар, ижтимоий тармоқларда самарали фаолият юритиш ҳамда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш бўйича билим ва кўникмаларини мустаҳкамлади.


Ҳафталик натижалари рақамларда ҳам яққол намоён бўлди. Жами иштирокчиларнинг 234 нафари мобилографлар, 201 нафари контент яратувчи ёшлар, 171 нафари SMM мутахассислари, 55 нафари матбуот котиблари, 39 нафари босма нашрлар ходимлари, 38 нафари блогерлар, 15 нафари телетасвирчи ва монтажчилар, 13 нафари тележурналистлар ҳамда 11 нафари ҳужжатли фильмлар тайёрловчилардан иборат бўлди.
Тадбирнинг яна бир муҳим жиҳати турли йўналишларда фаолият юритаётган медиа вакиллари учун тажриба алмашиш ва ҳамкорлик муҳитини яратганида бўлди. Мулоқотлар давомида соҳадаги замонавий тенденциялар, рақамли платформалар имкониятлари ва ахборот маконидаги долзарб чақириқлар муҳокама қилинди.
Медиа ҳафталиги доирасида маънавий-маърифий тадбирлар ҳам ташкил этилди. Хусусан, Алишер Навоий номидаги вилоят Ахборот-кутубхона марказида “Биз — журналистлар” китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Ушбу тўпламдан 1990–1996 йилларда Тошкент давлат университети Журналистика факультетида таҳсил олган 54 нафар ижодкорнинг мақолалари, шеърлари, ҳикоялари ва фотосуратлари ўрин олган.
–“Биз — журналистлар” китоби тақдимоти турли авлод журналистлари ўртасидаги ижодий мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қилди. Унда жамланган ижодий намуналар миллий журналистика тарихининг муайян даври ва ижодкорлар ҳаёт йўлини акс эттиради. Энг муҳими, бундай учрашувлар ёш журналистлар учун катта тажриба мактаби вазифасини ўтайди, – деди Дилором Исмадиёрова.
Медиа ҳафталигининг ёпилиш маросимида Президент Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази директори ўринбосари Жаҳонгир Абдураҳмонов бу каби лойиҳалар ҳудудларда медиа соҳаси салоҳиятини ошириш, журналистлар ва контент яратувчиларнинг касбий маҳоратини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
Сирдарё вилояти ҳокимининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси — матбуот котиби Манучеҳр Мирзаевнинг таъкидлашича, кейинги икки йилда вилоят медиа маконида сезиларли ўзгаришлар кузатилди.

– Агар 2024 йилда вилоят бўйича 314 та медиа тадбир ўтказилган бўлса, 2025 йил якунларига келиб бу кўрсаткич 6247 тага етди. Бу медиа фаолликнинг қарийб 20 баробар ошганини англатади, – деди у.
Ахборот хизматларини ривожлантириш борасида ҳам муайян натижаларга эришилди. Матбуот котиблари сони 48 нафардан 65 нафарга етказилди. Барча шаҳар ва туман ҳокимликлари ахборот хизматлари замонавий фото ва видео техника, хизмат автомобиллари ҳамда бошқа зарур жиҳозлар билан таъминланди.
Келгусида медиа тадбирлар сонини 8 мингтага етказиш, жонли эфирлар кўламини кенгайтириш, матбуот котиблари сонини 80 нафарга кўпайтириш, рақамли платформалардаги аудиторияни янада ошириш ҳамда сифатли медиа маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, вилоятда замонавий “Матбуот уйи” ҳамда “Медиа ва рақамли технологияларни жорий этиш маркази”ни ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Мазкур лойиҳалар журналистлар, блогерлар ва медиа соҳаси вакиллари учун янги имкониятлар яратиши кутилмоқда.

Медиа ҳафталиги якунлари Сирдарёда ахборот соҳаси изчил ривожланаётганини яна бир бор кўрсатди. Бугун ҳудудда замонавий технологиялардан самарали фойдаланадиган, жамоатчилик билан очиқ мулоқотни таъминлайдиган ва рақобатбардош контент яратадиган янги медиа муҳити шаклланмоқда. Бу эса Сирдарёнинг мамлакат ахборот маконидаги ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА