Меҳнат қилган роҳатини кўради
Андижон вилоятидаги чорвачиликка ихтисослашган 447 фермер хўжалигида 47 минг 200 бош қорамол парваришланмоқда, 40 дан ортиқ хўжаликда чорва наслчилиги йўлга қўйилган.
Андижон вилоятидаги чорвачиликка ихтисослашган 447 фермер хўжалигида 47 минг 200 бош қорамол парваришланмоқда, 40 дан ортиқ хўжаликда чорва наслчилиги йўлга қўйилган.Ўтган йили вилоятда 140 минг тонна гўшт, 893 минг тонна сут етиштирилди. Чорвачиликни ривожлантириш йўлида соҳага замонавий технологияларни жорий этаётган хўжаликлар сафи йилдан-йилга кенгаймоқда. Олтинкўл туманидаги “Бахт имкон ривож чорваси” кўп тармоқли наслчилик фермер хўжалиги шулардан бири.
Хўжаликда боқилаётган 2 минг бош зотдор қорамолнинг аксарияти соғин сигирлардир. 2006 йилда “Ҳамкорбанк”нинг молиявий кўмаги билан махсус бинолар ва соғиш зали барпо этилиб, Германиядан 300 бош зотдор қорамол келтирилган эди. Уларни белгиланган талаб ҳамда меъёрлар асосида озиқлантириш ва парваришлашга алоҳида эътибор қаратилди, замонавий иш усуллари жорий этилди. Зотдор қорамоллар наслини кўпайтириш ишлари йўлга қўйилди.
Изланиш, иш тизимли равишда олиб борилиши натижасида хўжаликнинг имконияти йилдан-йилга кенгайди, Австрия ва Германиядан зотдор қорамоллар келтирилди. Сут ва гўшт тайёрлаш ҳажми ортди. 2016 йили хўжаликда 5 минг тоннадан зиёд сут, 30 тоннадан ортиқ гўшт етиштирилди.
Хўжаликда ҳар бош соғин сигирдан кунига 25-28 литр, эчкидан 3-3,5 литр сут соғиб олинади. Умуман, хўжалик Наманган шаҳридаги “Нестле”, Бўз туманидаги “Рашк-милк” сутни қайта ишлаш корхоналарига кунига қарийиб 20 тонна сут етказиб беради.
– Олинган фойда, аввало, хўжаликни кенгайтириш, ишчиларнинг моддий манфаатдорлигини оширишга сарфланмоқда, – дейди хўжалик раҳбари Фахриддин Исмоилов. – Боғдорчилик, балиқчилик, паррандачилик, қуёнчилик, эчкичилик йўналишларида ҳам истиқболли лойиҳаларни амалга оширмоқдамиз. Жумладан, Улуғнор туманидаги Дўстлик массивида 30 миллиард сўмлик лойиҳа амалга оширилмоқда. Халқ банкининг вилоят бўлимидан олинган 10 миллиард сўм ва хўжаликнинг айланма маблағи ҳисобидан бузоқ парваришига мўлжалланган махсус ферма ташкил этилди. Шунингдек, 200 гектар ерда ёнғоқзор барпо этилмоқда. Бу лойиҳалар 50 дан ортиқ янги иш ўрни яратиш имконини беради.
Хўжаликда эчкичиликни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Витаминга бой, шифобахш эчки сути етиштиришни кўпайтириш аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан бирга, катта даромад ҳам келтиради. Айни пайтда германиялик фермерлар билан 2 минг бош эчки харид қилиш бўйича шартнома мавжуд. Ҳозирга қадар 300 бош эчки келтирилди, йил охирига қадар қолганлари ҳам келтирилади.
Хўжаликда меҳнат қилаётган 120 дан ортиқ кишининг самарали ишлаши учун барча шароит яратилган. Ишчи-хизматчиларнинг аксарияти касб-ҳунар коллежини битирган ёшлардир.
– Ўтган йили Марҳамат агросаноат касб-ҳунар коллежини тамомлаб, шу ерда иш бошладим, – дейди Яҳёбек Рўзиев. – Ишлаб чиқариш амалиётини ҳам шу хўжаликда ўтаганман, тажрибали чорвадорлардан соҳага оид кўп нарса ўргандим.
Хўжалик раҳбари Фахриддин Исмоилов изланувчан ва тажрибали фермер сифатида қатор хорижий давлатларда бўлиб, соҳани янада ривожлантириш, моллар наслини яхшилаш, маҳсулдорлигини ошириш борасидаги илғор тажрибаларни ўз фаолиятига татбиқ этмоқда. Унинг саъй-ҳаракати билан Германия, Австрия давлатларидан сигир соғишга мўлжалланган илғор технологиялар келтириб ўрнатилди. Компьютерлаштирилган махсус соғиш зали, шунингдек, 60 дан ортиқ техника воситалари, турли русумдаги тракторлар иш унумдорлигини бир неча баробар оширмоқда.
Сигирлар соғиш залига киритилишидан аввал чўмилтирилади, шундан кейингина соғилади. Мазкур илғор технология атиги 7 минутда 20 сигирни соғиб олиш имконини беради. Хўжалик жорий йилда 6 минг 500 тонна сут, 50 тонна гўшт етиштиришни режалаштирган. Италиядан сутни қайта ишлаш, гўштни қадоқлашга мўлжалланган технологиялар келтириш бўйича имзоланган шартномага кўра, жорий йил охирида гўшт махсус қадоқланган ҳолда савдо шохобчаларига чиқарилади.
Мамлакатимизда ташаббускор ишбилармонларнинг меҳнати кенг эътироф этилмоқда. “Бахт имкон ривож чорваси” кўп тармоқли наслчилик фермер хўжалиги раҳбари Фахриддин Исмоиловнинг меҳнатлари ҳам муносиб тақдирланди, у Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказилган “Ташаббус – 2017” кўрик-танловининг мамлакат босқичида энг яхши фермер, деб топилди.
– Президентимиз раҳнамолигида фермерлик ҳаракатини ривожлантириш, уни қишлоқда етакчи кучга айлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор бизни янги марралар сари руҳлантирмоқда, – дейди Фахриддин Исмоилов. – Айниқса, “Ташаббус – 2017” танловида ғолибликка эришганим улкан шараф бўлиш билан бирга, зиммамдаги масъулиятни янада оширишини яхши англайман. Ўзбекистонда меҳнат қилган албатта роҳатини кўради. Юртимизда мен каби фермерлар кўп. Камтарона меҳнатларим муносиб эътироф этилганидан фахрланаман.