МДҲ маконида халқларни яқинлаштирувчи маданият, ахборот, туризм ва спорт соҳалари янада ривожлантирилади
Тошкент шаҳрида Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) Парламентлараро ассамблеяси Маданият, ахборот, туризм ва спорт бўйича доимий комиссиясининг сайёр мажлиси бўлиб ўтди.
Унда Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон парламентлари аъзолари иштирок этди.
Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев мазкур тадбир Ўзбекистон учун МДҲ мамлакатлари ўртасидаги парламентлараро мулоқотни мустаҳкамлаш, гуманитар алоқаларни кенгайтириш ва амалий ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Мажлисда архив иши, шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш, адаптив жисмоний тарбия, талабалар ва профессионал спорт, ижодий уюшмалар фаолияти соҳаларида намунавий қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Тарихий хотирани сақлаш ва туризм соҳасида фавқулодда вазиятлар юзага келганда МДҲга аъзо давлатларнинг ўзаро ҳамкорлиги соҳасидаги миллий қонунчиликни такомиллаштириш бўйича тавсиялар тайёрлаш зарурлиги қайд этилди.
Иштирокчилар фикрича, маданият, ахборот, туризм ва спорт соҳалари МДҲ халқларини яқинлаштириш, умумий тарихий-маданий меросни асраб-авайлаш, ўзаро англашувни мустаҳкамлаш ҳамда ёш авлодни дўстлик ва ҳурмат руҳида тарбиялашда алоҳида ўрин тутади.

Ушбу йўналишларда парламентлар ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, ёшлар, таълим ва маданий алмашинувларни ривожлантириш, барқарор туризмни қўллаб-қувватлаш ҳамда оммавий спортни оммалаштириш жуда муҳим.
Мажлисда доимий комиссиянинг ваколатига доир бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА