МДҲ давлатлари монополияга қарши кураш масалаларини муҳокама қилди
Озарбайжон Республикасининг Хонкенди шаҳрида МДҲ иштирокчи давлатларидаги монополияга қарши қонунчилик бузилишларини биргаликда текшириш бўйича Штабнинг 47-йиғилиши ҳамда Монополияга қарши сиёсат бўйича давлатлараро кенгашнинг (МСАП) 61-йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишларда Рақобат қўмитаси ҳамда унинг ҳузуридаги Тадқиқотлар марказининг масъул ходимлари иштирок этди.
Штаб йиғилишида сунъий интеллектнинг рақобатга таъсири, истеъмол кредити олишда қарз олувчиларнинг суғурта ташкилотларини танлаш имкониятини таъминлаш ҳамда дори воситалари бозорларида нархларни шакллантиришга доир ёндашувлар кўриб чиқилди.

МСАП йиғилишида эса иштирокчилар аввалги йиғилиш қарорларининг ижроси, Ҳамдўстлик давлатларининг рақобат сиёсатидаги долзарб ўзгаришлар, Штаб фаолияти ҳамда ҳамкорликнинг келгуси йўналишларини муҳокама қилишди.
Ўзбекистон делегацияси рақобат муҳитини ривожлантириш, эксклюзив ҳуқуқларни қисқартириш ва монополияга қарши назоратни такомиллаштириш борасидаги ислоҳотлар натижалари юзасидан тақдимот қилди.

Тақдимотда рақамли платформаларни тартибга солиш, устун музокара кучи институтини қўллаш ва Қўмита фаолиятини рақамлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. FAIR TECH тизимининг имкониятлари ҳамда давлат харидларида тил бириктириш ва биржа савдоларида манипуляция аломатларини аниқлаш учун ишлаб чиқилаётган сунъий интеллект воситалари намойиш этилди.
Ўзбекистон томони биржа савдоларини таҳлил қилиш услубиятлари бўйича тажриба алмашишни кенгайтириш, оригинал маҳсулотларни трансчегаравий етказиб беришдаги чекловлар юзасидан эксперт маслаҳатлашувларини ривожлантириш ҳамда текширувларда таҳлилий алгоритмларни қўллаш амалиётини қиёсий ўрганишни таклиф этди.
Ниqгора Раҳмонова, ЎзА