Майамида АҚШ ва Ўзбекистон шахматчиларининг “жанги” давом этмоқда
АҚШнинг Майами шаҳрида шахмат бўйича Ўзбекистон ва АҚШ терма жамоалари ўртасида "WR Chess Rapid & Blitz" жамоавий мусобақасининг биринчи кунги баҳслари ортда қолди.
Рапид йўналишидаги илк кунги мусобақада 4 та тур ўйинлари бўлиб ўтди. 1-турда океан орти жамоаси Ўзбекистон шахматчиларидан 2,5:1,5 ҳисобида устунликка эришди.
Ушбу турда Жавоҳир Синдоров - Ҳикару Накамура, Нодирбек Абдусатторов - Фабиано Каруана ва 4-тахтада ўтган Шамсиддин Воҳидов - Леньер Домингес Перес қарама-қаршилигидаги баҳсларда томонлар муроса йўлини танлади. Фақат 3-тахтада Муҳиддин Мадаминов ва Уэсли Со ўртасида кечган ўйинда ҳамюртимиздан омад юз ўгирди.
2-турда 2:2 ҳисоби қайд этилган бўлиб, ушбу учрашувда Абдусатторов Каруана билан дуранг қайд этди, Синдоров Накамурани таслим этди, Воҳидов Сога ютқазиб қўйди, Ёқуббоев Левон Аронян билан очколарни тақсимлаб олишди.

3-турда биргина Нодирбек Абдусатторов ғалабага эришгани ва Ёқуббоевнинг дуранг қайд этиши ҳам жамоамизни мағлубиятдан қутқармади. Ҳисоб - 2,5:1,5.
Ҳал қилувчи 4-тур мусобақасида Жавоҳир Синдоров ва Нодирбек Абдусатторовнинг ғалабаси эвазига терма жамоамиз АҚШни 2,5:1,5 кўринишида енгди.
Рапид мусобақалари якунига кўра, тахталар бўйича АҚШ жамоаси 8.5, Ўзбекистон шахматчилари 7.5 очкога эга бўлди.
Бугун, 28 июль куни мусобақанинг 8 та турдан иборат блиц ўйинлари ташкил этилади.
Т.Рўзиев,
ЎзА