Мавсумий грипп ва ЎРВИ: Эпидемиологик вазият тўлиқ назорат остида
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати томонидан мавсумий грипп ва ЎРВИнинг олдини олиш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан брифинг ўтказилди. Унда куз-қиш мавсумида бу хасталикларга чалиниш йилнинг бошқа даврларига нисбатан бироз ортиши таъкидланди.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков мавсумни хавфсиз ўтказиш мақсадида мамлакатимизда қандай тайёргарлик чоралари кўрилаётгани ҳақида батафсил маълумот берди.
– Куз-қиш мавсумида юртимизда грипп ва ўткир респиратор вирусли инфекциялар билан касалланиш кўрсаткичи йилнинг бошқа даврларига нисбатан бирмунча ортади. Одатда касалликнинг авж олиш даври ноябрь-февраль ойларига тўғри келади. Ҳозир мамлакатимизда мазкур касалликлар бўйича эпидемик вазият барқарор ва тўлиқ назорат остида. 2026 йилнинг тўққиз oйлик маълумотларига эътибор қаратиладиган бўлса, айнан 2025 йилнинг шу даврига нисбатан касалланиш кўрсаткичи 12,1 фоиздан 5 фоизга камайганини кўриш мумкин. Албатта, бу бизнинг хотиржам бўлишимизга асос бўлолмайди, чунки касалланганларнинг аксарияти Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келмоқда.
Грипп ва ўткир респиратор касалликлар тез юқадиган хасталиклар сирасига киради. Асосан 6 ёшгача бўлган болалар ва 65 ёшдан юқори бўлган аҳоли қатлами бунга мойил ҳисобланади. Касалликнинг яширин даври бир кундан тўрт кунгача давом этиши мумкин. У асосан тана ҳароратининг тўсатдан кўтарилиши, йўтал, мушак ва бўғимларда оғриқ кабилар билан бошланади.
Айрим ҳолларда грипп жиддий асоратларга, жумладан, зотилжам, синусит, отит ва бошқа хасталикларга сабаб бўлади. Болаларда нафaс олишнинг қийинлашиши, сувсизланиш, иштаҳанинг йўқолиши, ич кетиши, баъзи ҳолларда нафaс етишмовчилиги каби белгилар кузатилиши мумкин.
Мавсумни беталафот ўтказиш учун ҳозир тўлиқ тайёргарлик ишлари амалга оширилган. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси вазиятни тўлиқ назорат остига олган ва кузатиб бормоқда. Шунингдек, шифохоналар ва оилавий поликлиникаларда зарур дори-дармонлар, кислород ҳамда тиббий ускуналар захираси шакллантирилиб, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш чоралари белгиланган, – деди Н.Отабеков.
Келгуси босқичдаги фаолиятда бир қатор муҳим йўналишларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди. Хусусан, биринчи навбатда, бирламчи тиббий-санитария хизмати фаолиятини янада кучайтириш, беморларни ўз вақтида аниқлаш, зарур ҳолларда шифохонага тезкор йўналтириш ҳамда уй шароитида даволанаётган шахсларни тўлиқ патронаж билан қамраб олиш муҳимлиги таъкидланди.
Шунингдек, профилактик тадбирларни кучайтириш, жамоат жойлари, жамоат транспорти ва иш жойларида санитария-гигиена қоидаларига қатъий амал қилинишини назорат қилиб бориш долзарб вазифалардан бири экани кўрсатиб ўтилди. Бу борада аҳолининг хабардорлигини ошириш энг муҳим жиҳатлардан бири сифатида оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали фуқароларга фақат ишончли маълумотларни етказиш, турли асоссиз ва нотўғри хабарлар тарқалишининг олдини олиш зарурлиги қайд этилди. Шу билан бирга, эпидемик вазиятни мунтазам кузатиб бориш асосий мақсад экани, бу, ўз навбатида, вазиятдан келиб чиққан ҳолда қўшимча чора-тадбирларни ўз вақтида белгилаш ва амалга ошириш имконини бериши айтилди.
Мутахассис таъкидлаганидек, ҳар бир фуқаро бу касалликка масъулият билан ёндашиши лозим. Мабодо хасталик белгилари пайдо бўлса, ўзбошимчалик билан даволанмасдан, дарҳол тиббиёт ходимларига мурожаат қилиш керак. Агар кенг жамоатчилик ва мутасадди ташкилотлар ҳамжиҳатликда ҳаракат қилса, грип ва бошқа мавсумий касалликларни енгиб ўтиш мумкин.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА