Мавсумга тайёргарлик депутатлар назоратида
Шу кунларда Бухоро вилоятида ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг тегишли топшириғига асосан маҳаллий Кенгаш депутатлари ва партия фаоллари томонидан шаҳар ва туманлардаги куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатини ўрганиш, муаммоларни аниқлаш ва уларни ҳал этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида жамоатчилик ўрганишлари олиб борилмоқда.
O‘zLiDeP Ғиждувон тумани Кенгаши масъуллари ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари томонидан ҳам ана шундай ўрганишлар ташкил этилди.

Партия фаоллари ва депутатлар томонидан ўрганиш давомида аниқланган иссиқлик тизимларидаги камчиликлар, энергия тежамкорлигига оид масалалар ва бинолардаги изоляция ишлари бўйича ечим талаб этадиган айрим ҳолатлар юзасидан ташкилотлар масъулларига аниқ тавсия ва маслаҳатлар берилди.

– Куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш, ҳар бир муассасанинг мавсумда узлуксиз фаолият юритишини таъминлаш бугунги кунда партиямиз фаоллари ва депутатларнинг олдида турган долзарб вазифалардан биридир, – дейди O‘zLiDeP Ғиждувон туман Кенгаши раиси, маҳаллий Кенгаш депутати Замира Сафарова. – Ушбу йўналишдаги ишларни талаб даражасида олиб боришга ўз ҳиссамизни қўшмоқдамиз.

Тумандаги “Ф.Хўжаев” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган биринчи ДМТТ 174 ўринли бўлиб, ўғил-қизлар бу ерда тўлиқ қамраб олинган. 46-умумтаълим мактаби 840 ўқувчига мўлжалланган. Ишчи гуруҳ аъзолари ўз ўрганишлари давомида иккала таълим муассасасида ҳам 2025- 2026 йиллар куз-қиш мавсумига тўлиқ ҳозирлик кўрилганлигига гувоҳ бўлди. ДМТТда табиий газ мавжуд, қуёш панели ҳам ўрнатилган. 46-мактаб эса кўмир захираси билан тўлиқ таъминланган бўлиб, жами 72,2 тонна ана шундай захира яратилган.

Партия фаоллари ва депутатлар ҳудуддаги пластмасса идишлар ҳамда резина шланглар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “Назарбек келажак нури” МЧЖда ҳам бўлди. Тадбиркорлик субъекти ўз фаолиятини бошлаганига 15 йил бўлган. Гарчи бу ерда қишки иситиш мавсумига тайёргарлик талаб даражасида олиб борилаётган бўлса-да, электр энергияси ва табиий газдан фойдаланишда ўз ечимини кутиб қолган айрим муаммолар ҳам йўқ эмас. Улардан фойдаланиш бўйича белгиланган лимитлар миқдорини оширишга корхонада эҳтиёж сезилмоқда.

Кузги-қишки иситиш мавсумига тайёргарлик ишларига Вобкент туманида ҳам жиддий ёндашилмоқда. Депутатлар ва партия масъулларининг ҳудуддаги ўрганишлари давомида ҳудуддаги бир қатор корхона ва ташкилотлар, таълим муассасаларида бўлажак иситиш мавсумига ҳозирлик ишлари, жумладан, уларнинг бу борадаги назорат таҳлил фаолияти давомида аҳоли хонадонлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати, кўмир захирасининг яратилганлиги, ижтимоий соҳа объектларида иситиш тизимларининг созлиги, аҳолига суюлтирилган газ етказиш бериш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
ЎзЛиДеП Шофиркон тумани Кенгаши масъуллари ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари томонидан ҳудуддаги таълим муассасаларининг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати ўрганилмоқда.
Партия масъуллари таълим муассасалари раҳбарлари билан суҳбатда ўқувчи-ёшларнинг соғлом бўлиши ва хавфсиз шароитда билим олиши билан боғлиқ устувор вазифаларни таъкидлаб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли тавсиялар бермоқда.
Шунингдек, партия Олот тумани Кенгаши масъуллари ва халқ вакиллари томонидан “Кулчовдир” ҳамда “Солоқаровул” сайлов округлари ҳудудидаги бир қатор мактаб ва МТТларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳам ўрганишлар давомида батафсил танишилди.
Шаҳар ва туманлардаги ўрганишлар давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан мутасадди ташкилотларнинг раҳбарларига тегишли тавсия, йўл-йўриқ ва маслаҳатлар берилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.