Мавриги садолари халқаро майдонда
Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада санъати институтида Турк дунёсида мусиқа ва рақс тадқиқот гуруҳининг 20 йиллиги муносабати билан ташкил этилган Халқаро 10-симпозиум доирасида ўтказилган ижодий учрашув миллий санъатимиз тарғиботида муҳим маданий воқеага айланди. Унда турли давлатлардан ташриф буюрган олимлар, санъатшунослар, хореографлар ва ижодкорлар иштирок этиб, туркий халқларнинг бой мусиқий ва рақс мероси ҳақида фикр алмашди.
Тадбирда халқаро миқёсда танилган хореограф, рақс тадқиқотчиси ва педагог Сашар Зариф иштирок этиши анжуман нуфузини янада оширди. Шунингдек, Ўзбекистон давлат филармонияси Бухоро вилояти бўлинмасининг “Мавриги” ансамбли ҳамда “Бухоро мавжлари” рақс ансамбли жамоаси томонидан намойиш этилган концерт дастури йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

Бадиий қисмда янграган қадимий “Мавриги” тароналари, миллий куй-қўшиқлар ва Бухоро рақс санъатининг нафис намуналари томошабинларни миллий қадриятларимиз оламига етаклади. Айниқса, ижрочиларнинг саҳна маданияти, миллий анъаналарга содиқлиги ва юқори маҳорат билан тайёрланган чиқишлари хорижлик меҳмонлар томонидан ҳам юқори баҳоланди.

Тадбир доирасида туркий халқлар мусиқа ва рақс санъатининг ўхшаш жиҳатлари, умумий маданий илдизлари ҳамда миллий меросни халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш масалалари муҳокама қилинди. Ижодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш ва келгусида қўшма маданий лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан ҳам муҳим таклифлар илгари сурилди.

–Бухоро азалдан нафақат илм-фан, балки бой мусиқий ва рақс анъаналари билан ҳам дунёга машҳур, –дейди Ўзбекистон давлат филармонияси Бухоро вилоят бўлинмаси директори Рауф Авезов.–“Мавриги” санъати халқимизнинг маънавий бойлиги ҳисобланади. Бугун унинг халқаро анжуманларда намоён бўлаётгани миллий меросимизга бўлган қизиқиш тобора ортиб бораётганидан далолат беради. Бундай учрашувлар ижодий алоқаларни кенгайтириш, ёш авлодни миллий санъатга меҳр руҳида тарбиялаш ва маданий дипломатияни ривожлантиришга хизмат қилади.
Симпозиум доирасида ўтказилган мазкур ижодий учрашув миллий маданиятимизнинг бетакрор жозибасини яна бир бор намоён этиб, Ўзбекистон санъатининг халқаро нуфузини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири