Матонатли оила ҳаётидан ибрат (+видео)
Ҳаёт мураккаб жумбоқ, ҳаммага ҳам бир хил имконият берилмайди. Лекин танлов – ҳар кимнинг ўз қўлида. Сурхондарё вилояти Денов туманида яшовчи Хуррамовлар оиласи ана шу ҳақиқатни ўз ҳаёти билан исботлаган.
Бу оилада эр-хотин – Низомиддин Хуррамов ва турмуш ўртоғи Дилноза Исматуллаева ҳар иккиси ҳам I гуруҳ ногирони. Низомиддин ака ёшлигида нотўғри муолажа олгани сабаб, чап оёғи ҳаракатланмайди. Турмуш ўртоғи ҳам соғлиғи жиҳатидан жиддий муаммоларга эга. Аммо улар ҳаёт олдида таслим бўлишни танламаган. Аксинча, улар меҳнатни танлаган.
Оддийгина томорқа – бу оила учун нафақат тирикчилик манбаи, балки ҳаётга бўлган ишонч рамзи. Эр-хотин иссиқ-совуқ демай, имкон қадар ер билан ишлайди, оз бўлса-да даромад қилади. Энг муҳими, улар ҳеч кимдан ачиниш ёки ёрдам кутиб яшамайди. Ўз ҳаётини ўз қўли билан қуришга ҳаракат қилади.
Бу оиланинг яна бир катта бойлиги – уларнинг тўрт нафар фарзанди. Давлат томонидан ажратилган болалар нафақаси, “Саховат ва кўмак” жамғармаси орқали етказилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари улар учун муҳим кўмак бўлаётган бўлса-да, Хуррамовлар оиласи асосий таянчни ўз меҳнатидан излайди.
[gallery-28910]
Хуррамовлар оиласининг ҳаётига қараб, ўзингга беихтиёр савол берасан: аслида ким ногирон? Танасида нуқсони бор, лекин қалби ва иродаси мустаҳкам инсонми? Ёки соғ-саломат бўла туриб, ҳаракат қилишдан қочадиган, баҳона излайдиган одамми?
Ҳаёт ҳеч кимни кутмайди. Ким ҳаракат қилса – ўша олдинга юради. Хуррамовлар эса айнан шундай инсонлар сафида. Уларнинг меҳнатсеварлиги, сабр-тоқати, ҳаётга бўлган муҳаббати ҳар биримиз учун ибратдир.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/-9g7dxP9l64" title="Matonatli oila hayotidan ibrat" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe> Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат, видео), ЎзА