Матонатли аёл Дилором Йўлдошева OʻzLiDeP сафига қўшилди
Матонатли ва жасоратли аёл – деновлик Дилором Йўлдошева икки йил олдин бахтсиз ҳодиса туфайли иккала оёғидан ажралган. У бугун ҳаёт синовларига қарши мардона курашиб, тикувчилик қилиб, бошқаларга ибрат кўрсатмоқда. OʻzLiDeP Сурхондарё вилояти Кенгаши “Аёллар қаноти” вакиллари, Денов тумани кенгаши депутатлари Дилором Йўлдошева ташкил этган мўъжазгина тикувчилик цехига ташриф буюрди.
Дилором Йўлдошева Адлия вазирлиги ташаббуси билан йўлга қўйилган “Имкон” ижтимоий-ҳуқуқий лойиҳасининг қаҳрамонига айланиб, ушбу лойиҳа орқали ўзи қизиққан соҳа – тикувчилик йўналишида билим ва малакасини оширди. Қонунчиликда белгиланган имтиёзларнинг қўлланилиши орқали ўз тикувчилик цехини очди. Дастлаб у бир ўзи тикувчилик орқали ойига 1,5 миллион сўм даромад топган бўлса, лойиҳа натижасида ўртача даромади 20 миллион сўмга ошиб, 40 нафардан ортиқ шогирд етиштирди.

Яқинда “BBC” 2024 йил учун дунёнинг 100 нафар илҳомлантирувчи ва таъсирли аёллар рўйхатини эълон қилди. Рўйхатда тинчлик бўйича Нобель мукофоти совриндори Надя Мурад, актриса Шэрон Стоунлар қаторида ўзбекистонлик тадбиркор Дилором Йўлдошева ҳам ўрин олди.
OʻzLiDeP вакиллари матонатли аёлнинг тикувчилик цехидаги мавжуд шароитлар билан танишди, самимий суҳбат жараёнида унинг муаммоларини ўрганди. Шунингдек, партия мақсад-вазифалари ҳақида, OʻzLiDeP ўзининг тадбиркорлигини йўлга қўяётган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаши ва бу борада қатор лойиҳаларни амалга ошириши ҳақида тушунчалар берилди.

Шундан сўнг Дилором Йўлдошева OʻzLiDeP аъзолари сафига қабул қилиниб, унга аъзолик гувоҳномаси берилди.
Суҳбат жараёнида тадбиркор аёл цех фаолиятини кенгайтириш ниятида эканлигини билдирди. Келгусида ушбу цехда бошланғич партия ташкилоти очишга келишиб олинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА