Матонат ва садоқат тимсоли
Ватан ҳимояси йўлида фидойилик, матонат ва садоқат тимсолига айланган Шимоли-ғарбий ҳарбий округининг Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисм ташкил топганининг 33 йиллиги муносабати билан тантанали байрам тадбири ўтказилди.
Ҳарбий қисмнинг шонли тарихи, босиб ўтган шарафли йўли, мамлакат мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш ҳамда ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасидаги хизматлари алоҳида эътироф этилган ушбу тадбирда ҳарбий хизматчилар, фахрийлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда меҳмонлар иштирок этди.

Тадбирда қўшинлар қўмондонининг байрам табриги ўқиб эшиттирилди. Унда ҳарбий қисмнинг ўтган 33 йил давомида мамлакат тинчлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш, жанговар шайликни юксалтириш ҳамда ҳарбий хизматчиларни ҳар томонлама етук кадрлар сифатида шакллантириш борасида эришган ютуқлари алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, хизмат вазифаларини сидқидилдан адо этиб, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарликда юқори натижаларга эришган, шахсий таркиб орасида ўзининг намунали хулқи, интизоми ва фидокорона меҳнати билан ажралиб турган бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларга қимматбаҳо совғалар, фахрий ёрлиқлар топширилиб, навбатдаги ҳарбий унвонлар тантанали равишда берилди.

Таъкидлаш жоизки, ҳарбий хизматчиларни рағбатлантириш ва уларнинг хизматларини муносиб қадрлаш армиямизда инсон омилига қаратилаётган юксак эътиборнинг амалий ифодасидир. Бу эса ҳар бир ҳарбий хизматчининг қалбида Ватанга садоқат, хизматга масъулият ва юрт тақдирига дахлдорлик туйғуларини янада мустаҳкамлади.
Байрам тадбирининг бадиий қисми ҳам йиғилганларга унутилмас таассурот улашди. Ҳарбий оркестр ижросидаги куй-қўшиқлар, таниқли ва хушовоз хонандалар томонидан ижро этилган ватанни улуғловчи тароналар ҳарбийлар ва меҳмонларга байрамона кайфият бағишлади. Мусиқий чиқишларда халқимизнинг бой маданий мероси, миллий қадриятлари ҳамда Ватанга муҳаббат ғоялари ўзининг ёрқин ифодасини топди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.