Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига
Қадрли дўстлар!
Сиз, азизларни – мамлакатимизнинг босма ва интернет нашрлари, телерадиоканаллар, ахборот ва медиа хизматларида, нашриёт ва матбаа корхоналарида сидқидилдан меҳнат қилаётган ижодий ва техник ходимларни, заҳматкаш журналистлар, муҳтарам фахрийларни касб байрамингиз билан чин қалбимдан табриклайман.
Мен сизларни – юксак билим ва салоҳиятга эга, ватанпарвар барча журналистларни ўзим учун доимий маслакдош, жонкуяр дўст деб билишимни яна бир бор изҳор этаман.
Бу йил ушбу қутлуғ айём миллий матбуотимиз асоси – жадид боболаримиз томонидан “Тараққий” газетаси ташкил этилганига 120 йил, юртимизда радиоэшиттиришлар илк бор тажриба тариқасида узатилганига 100 йил тўлган кунларда нишонланаётгани унга алоҳида шукуҳ бағишламоқда.
Биз бундан ўн йил олдин демократия, очиқлик ва шаффофлик тамойиллари, “Инсон қадри учун, инсон бахти учун!” деган эзгу ғояга таянган ҳолда Янги Ўзбекистонни қуришга киришган эдик. Ўтган қисқа даврда кўп миллатли халқимизнинг фидокорона ва шарафли меҳнати билан бу борада улкан ютуқларни қўлга киритдик.
Жумладан, жамиятимизда сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш, давлат органлари фаолиятининг очиқлигини кенгайтириш, ахборот соҳасини рақамлаштириш ва замонавий медиамаконни шакллантириш борасида эътиборга лойиқ ишлар амалга оширилмоқда.
Яратилган мустаҳкам ҳуқуқий асос, берилган имтиёз ва преференциялар натижасида соҳанинг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, унинг таркибида хусусий секторнинг улуши йилдан йилга ошиб бормоқда. Ҳозирги кунда қарийб 2 минг 700 та оммавий ахборот воситаларининг 67 фоизи, ноширлик субъектларининг 90 фоиздан ортиғи, матбаа корхоналарининг 83 фоизи нодавлат сектор ҳиссасига тўғри келмоқда. Жорий йилда нашриётларнинг ишлаб чиқариш қуввати ўтган йилга нисбатан икки баробар ортиб, ўртача 15 минг номдаги жами 60 миллиондан ортиқ нусхада китоблар нашр этилди.
Мазкур кўрсаткичлар мамлакатда ахборот соҳасини либераллаштириш, китобхонлик маданиятини ошириш, медиа фаолиятини қўллаб-қувватлаш ишлари ҳамда ахборот хизматлари бозори кенгайиб бораётганидан далолат беради.
Ахборот оқими кескин ортиб, дипфейк технологиялари кенг тарқалаётган бугунги даврда манбаларнинг ишончли эканига алоҳида эътибор қаратиш мамлакатимизда ҳам муҳим кўникмага айланди. Қисқа вақтда турли медиа лойиҳалар орқали 10 минг ёшни қамраб оладиган замонавий таълим тизими шакллантирилди.
Ҳурматли оммавий ахборот воситалари ходимлари!
Биз эркин ва масъулиятли, халқчил журналистикани жамият ва давлат ривожланишининг зарур шартларидан бири деб биламиз. Бу борада оммавий ахборот воситалари ходимлари фаолияти учун имкониятларни янада кенгайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини кучайтириш, касб маҳорати ва малакасини ошириш, жумладан, ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, меҳнатини рағбатлантириш, соғлиғини мустаҳкамлаш ва яшаш шароитларини яхшилашга қаратилган янги чора-тадбирлар амалга оширилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси фаолиятини такомиллаштириш, унинг нуфузини ошириш ва ислоҳотлар жараёнидаги иштирокини кенгайтириш зарур деб ўйлайман. Нега деганда, тез ўзгараётган бугунги даврнинг ўзи ушбу жамоат бирлашмаси олдига янги ва долзарб вазифаларни қўймоқда. Журналистларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга ҳуқуқий ва информацион-технологик ёрдам кўрсатиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда касбий бирдамлигини таъминлаш каби масалаларга жиддий эътибор қаратишни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.
Бу борада илк бор мамлакатимиз бўйлаб уч ой давомида 12 мингдан ортиқ соҳа вакиллари, жумладан, ёш журналистларни жалб қилган ҳолда ўтказилган Медиа ҳафталик тадбирларини келгусида ҳам давом эттириш муҳим аҳамиятга эга.
Мен мамлакат раҳбари сифатида миллий оммавий ахборот воситаларимиз давлат ва жамият ўртасида мустаҳкам кўприк вазифасини бажариш баробарида халқимизни умуммиллий манфаатлар асосида бирлаштирадиган, юртдошларимиз, айниқса, ёшларимизни эзгу мақсадлар сари етаклайдиган қудратли маънавий кучга айланиши учун барча ёрдам ва кўмакни кўрсатишга доимо тайёрман.
Муҳтарам матбуот аҳли!
Фурсатдан фойдаланиб, бугунги қувончли сана муносабати билан юксак давлат мукофотларига сазовор бўлган соҳа ходимларини чин қалбимдан самимий табриклайман.
Сизларни касб байрамингиз билан яна бир бор қутлаб, барчангизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт-саодат, фаолиятингизда янги муваффақиятлар тилайман.
Қаламингиз ҳамиша ўткир, сўзингиз ҳаққоний ва таъсирчан, ижодингиз баракали бўлсин!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти