Матбуот анжумани ва медиа-тур бўлиб ўтди
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Матбуот хизмати ҳамда «Маҳалла медиа» МЧЖ ҳамкорлигида Сирдарё вилоятида оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида матбуот анжумани ва медиа-тур ташкил этилди. Тадбирда гиёҳвандликнинг олдини олиш, ёшларни зарарли иллатлардан ҳимоя қилиш, оилавий барқарорликни таъминлаш ва хавфсиз маҳалла муҳитини шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.
Матбуот анжуманида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аҳоли ўртасида профилактик тушунтириш ишларини кучайтириш, тўй-ҳашамларни ихчамлаштириш ҳамда оилавий ажримларни камайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Сирдарё вилояти бошқармаси бошлиғи Уйғун Ҳотамов, вилоятдаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, оила ва хотин-қизлар ҳамда ёшлар ишлари бошқармалари вакиллари, мутасадди ташкилотлар масъуллари, журналист ва блогерлар иштирок этишди.
Таъкидланганидек, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади. Бу борада чегара божхона постларида назоратни кучайтириш, замонавий техник воситалардан фойдаланиш, тезкор тадбирларни самарали ташкил этиш билан бир қаторда, аҳоли ўртасида профилактик ишларни изчил олиб бориш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Сирдарё вилояти божхона бошқармаси вакилларининг маълумот беришича, 2026 йилнинг ўтган даврида бошқарма тезкор ходимлари томонидан қарийб 39 килограмм гиёҳвандлик воситасининг ноқонуний айланмасига чек қўйилган. Шунингдек, гиёҳвандлик воситаларини мамлакат ҳудудига ноқонуний олиб киришга уринишларни аниқлаш ва уларнинг тарқатилишининг олдини олиш бўйича ҳам муайян натижаларга эришилган.
Мутахассислар гиёҳвандлик воситаларини яширин йўллар орқали олиб киришга уринишлар ҳам учраб турганини қайд этдилар. Бундай ҳолатларга қарши курашишда идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, назорат тадбирларини кучайтириш ва замонавий аниқлаш воситаларидан фойдаланиш муҳимдир. Бироқ гиёҳвандликка қарши кураш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар зиммасидаги вазифа эмас. Маҳалла, оила ва таълим муассасалари ҳам бу жараёнда фаол иштирок этишлари зарур.
— Гиёҳвандликнинг олдини олишда маҳаллалар, мактаблар ва олий таълим муассасаларида профилактик тадбирларни мунтазам ташкил этиш, ёшлар билан манзилли ишлаш, ота-оналар масъулиятини ошириш ҳамда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш муҳим ўрин тутади, — деди Сирдарё вилояти ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари, Хотин-қизлар ва ёшлар масалалари бўйича бўлим бошлиғи, майор Муҳаббат Хидиралиева.
Дарҳақиқат, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни спортга, таълимга ва касб-ҳунарга жалб қилиш, қизиқиш ва қобилиятларини рўёбга чиқариш учун шароит яратиш салбий ҳолатларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, муаммоларга дуч келаётган оилаларни ўз вақтида қўллаб-қувватлаш, хавф гуруҳидаги ёшлар билан индивидуал ишлаш ва ота-оналар билан ҳамкорликни кучайтириш лозим.
[gallery-32081]
Анжуманда оилавий барқарорлик масалалари ҳам муҳокама қилинди. Тўй-ҳашамларни ихчамлаштириш, ортиқча дабдабабозликка барҳам бериш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ва ажримларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида фикр алмашилди.
— Тўй ва маросимларни оиланинг иқтисодий имкониятларига мос равишда ўтказиш маданиятини шакллантириш, ёшларда ўзаро ҳурмат ва масъулият туйғусини мустаҳкамлаш муҳим. Бу борада маҳалла еттилиги, оилавий психологлар, нуронийлар ва кенг жамоатчилик ҳамжиҳатликда иш олиб бориши лозим, — деди бошқарма бошлиғи Уйғун Ҳотамов.
Оиладаги соғлом муҳит, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик жамият барқарорлигининг муҳим асосларидир. Шу боис оилавий низоларнинг сабабларини чуқур ўрганиш, муаммоли оилаларга ўз вақтида кўмак бериш ва ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш профилактик ишларнинг устувор йўналишларидан бўлиб қолмоқда.
Медиа-турнинг амалий қисмида иштирокчилар Гулистон туманидаги «Ишонч» маҳалласига ташриф буюриб, «еттилик» аъзолари учун яратилган шароитлар, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ва оилаларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар билан танишдилар.
Маълумотларга кўра, маҳаллада 5 351 нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 2 682 нафари аёллар, 1 409 нафари ёшлар бўлиб, ҳудудда 1 106 та хонадон мавжуд.
Жорий йилда 210 нафар фуқаронинг бандлигини таъминлаш режалаштирилган. Жумладан, мактаб ва олий таълим муассасалари битирувчилари, касб-ҳунар таълими муассасаси битирувчилари, ҳарбий хизматдан қайтганлар ҳамда меҳнат миграциясидан қайтиши кутилаётган фуқароларни иш билан таъминлашга кўмаклашиш кўзда тутилган.
Айни пайтда маҳаллада 75 та тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Ҳудудда 45 та доимий ва 20 та мавсумий иш ўрни қайд этилган. Шунингдек, аҳоли даромадларини ошириш ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида жами 2,1 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратиш режалаштирилган.
Мазкур маблағларни чорвачилик, хизмат кўрсатиш, тикувчилик ва артезиан қудуқлари қазиш йўналишларига йўналтириш кўзда тутилган. Тадбиркорлик лойиҳаларини кредит ва субсидиялар орқали қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда аҳоли бандлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Камбағалликни қисқартириш йўналишида эса маҳалладаги 52 та оила билан манзилли ишлар олиб борилмоқда. Ушбу оилаларда истиқомат қилаётган 209 нафар фуқаронинг турмуш шароитини яхшилаш мақсадида уларни тадбиркорликка жалб қилиш, паррандачиликни йўлга қўйиш, доимий иш билан таъминлаш ва субсидиялар ажратиш бўйича чоралар белгиланган.
Маҳалладаги бундай ишлар нафақат аҳоли фаровонлигини ошириш, балки ижтимоий муаммоларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олишга ҳам хизмат қилади. Чунки доимий даромад манбаи, мазмунли меҳнат ва оилавий барқарорлик инсоннинг ҳаётга бўлган ишончини мустаҳкамлайди.
«Ишонч» маҳалласида ёшлар ва кексалар иштирокида соғломлаштириш машғулотлари ташкил этилган. Медиа-тур қатнашчилари маҳалла фуқароларининг спорт майдончасида мунтазам равишда жисмоний машқлар билан шуғулланиши, соғлом турмуш тарзига амал қилиши билан танишдилар.
Тадбир доирасида маҳалла аҳолиси билан суҳбатлар ҳам ўтказилиб, гиёҳвандликнинг олдини олиш, ёшлар тарбияси, оилавий муносабатлар ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш юзасидан фикр-мулоҳазалар тингланди. Бундай мулоқотлар аҳоли муаммоларини ўрганиш, мавжуд хавф-хатарларни ўз вақтида аниқлаш ва уларнинг ечими бўйича ҳамкорликни кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Матбуот анжумани ва медиа-тур давомида билдирилган фикрлар бир ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлади: хавфсиз маҳалла бўлиши учун фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ёки маҳалла масъулларининг саъй-ҳаракатлари етарли эмас. Бунинг учун оила, маҳалла, таълим муассасалари, давлат ташкилотлари ва кенг жамоатчилик бир мақсад йўлида ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишлари зарур.
Ҳар бир ёшнинг тақдирига бефарқ бўлмаслик, оилалар муаммоларини ўз вақтида ҳал этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш орқали гиёҳвандлик ҳамда бошқа зарарли иллатларнинг олдини олиш мумкин. Зеро, хавфсизлик — фақат тартиб-интизом эмас, балки ўзаро ишонч, масъулият ва ҳамжиҳатликдир. Ана шу қадриятлар мустаҳкам қарор топган маҳаллада соғлом муҳит, фаровон ҳаёт ва ёшлар келажагига ишонч барқарор бўлади.
Матбуот анжумани ва медиа-тур якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутасадди ва мутахассислардан атрофлича жавоб олдилар.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА