Масъулият ва назорат кучайтирилмоқда (+видео)
Сўнгги йилларда мамлакатимизда кўп хонадонли уй-жой фондини самарали бошқариш, аҳолига сифатли коммунал хизматлар кўрсатиш ҳамда мулкдорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда бошқарув сервис компаниялари фаолиятининг очиқлиги, масъулияти ва қонунчилик талабларига қатъий риоя этиши устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган.
Бунда соҳани замонавий талаблар асосида такомиллаштириш, кўп хонадонли уйларни профессионал бошқариш тизимини шакллантириш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада назорат механизмлари ҳам изчил кучайтирилиб, соҳада қонун устуворлигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Ана шу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Навоий вилояти ҳудудий Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги назорати инспекцияси томонидан мунтазам назорат-рейд тадбирлари ўтказилмоқда.
– Ўрганишлар жараёнида Навоий шаҳрида фаолият юритувчи бошқарув сервис компаниясида бир қатор жиддий камчилик ва қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди, – дейди инспекция бош мутахассиси Жаҳонгир Идиев. – Жумладан, аҳоли мурожаатлари ҳамда фавқулодда ҳолатларга тезкор муносабат билдириш учун ташкил этилиши лозим бўлган 24/7 авария-диспетчерлик хизмати йўлга қўйилмагани, масъул диспетчер эса текширув вақтида иш жойида бўлмагани маълум бўлди. Шунингдек, қозонхона фаолияти кўздан кечирилганда ишлар белгиланган талаблар даражасида ташкил этилмагани аниқланди. Хусусан, қозонхонага бириктирилган шахс мазкур ташкилот билан меҳнат муносабатларида эмаслиги, шунингдек, тегишли малака сертификатлари йўқлиги маълум бўлди. Бундан ташқари, қозонхона ҳудудида техник ҳамда санитария қоидаларига риоя этилмагани ҳам қайд этилди. Аниқланган қонунбузилишлар юзасидан бошқарув сервис компанияси раҳбарига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Албатта, бу каби назорат тадбирлари жазолаш учун эмас, балки соҳада қонунчилик талабларининг тўлиқ таъминланиши, хизматлар сифати яхшиланиши ва аҳолининг розилигини оширишга хизмат қилади. Зеро, ислоҳотларнинг асосий мақсади ҳам ҳар бир фуқаро ўз уйида хавфсиз, қулай ва муносиб шароитда яшашини таъминлашдир.
Кўп хонадонли уйларни самарали бошқариш, мулкдорлар манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш ва соҳада шаффофликни таъминлашга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда.
<iframe width="916" height="515" src="https://www.youtube.com/embed/Dj1_MOFVpEM" title="Mas’uliyat va nazorat kuchaytirilmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe> А.Бўриев, ЎзА мухбири