Машинистлар учун янги тартиб: поезд бошқариш ҳуқуқи қандай берилади?
Энди бу соҳада машинистларга бошқарув ҳуқуқини бериш тартиби ягона мезонлар асосида амалга оширилади. Янги тизим нафақат номзодларнинг билим ва малакасини баҳолаш, балки ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистонда илк бор темир йўл транспорти ва метрополитенда тортиш ҳаракатдаги таркибни бошқариш ҳуқуқини бериш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг ягона тартиби белгиланди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 17 сентябрдаги тегишли қарори билан темир йўл транспорти ва метрополитенда тортиш ҳаракатдаги таркибини бошқариш ҳуқуқини бериш бўйича давлат хизматининг маъмурий регламенти тасдиқланди. Янги тартиб локомотив, моторвагонли ҳаракатдаги таркиб, жумладан, юқори тезликда ҳаракатланувчи поездлар, махсус ҳаракатдаги таркиб ҳамда метрополитен поездларини бошқариш ҳуқуқини олиш истагида бўлган машинистликка номзодларга тааллуқли.
Хўш, машинист бўлиш учун қандай талаблар бор?
Янги тартибга кўра, гувоҳнома олишни истаган номзод 18 ёшга тўлган бўлиши, транспорт соҳасида тегишли касбий ёки олий маълумотга эга бўлиши керак. Шунингдек, у тортиш ҳаракатдаги таркибини бошқариш бўйича амалиёт ўтаганини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этади ва тиббий кўрикдан ўтади. Демак, энди поезд бошқариш ҳуқуқини олишда фақат назарий билимнинг ўзи етарли эмас. Номзоднинг маълумоти, амалий тайёргарлиги ва соғлиғи ҳам комплекс баҳоланади.
Машинистликка номзодларнинг назарий билими тест синовлари орқали аниқланади. Тест 50 та саволдан иборат бўлади ва ҳар бир тўғри жавоб 2 баллни ташкил қилади. Номзодлар камида 90 балл тўплаши керак. Бу талаб машинистлардан йўл ҳаракати, техник хавфсизлик ва ўз касбига оид қоидаларни пухта билишни талаб этади.
Янги тартибнинг муҳим жиҳатларидан бири давлат хизматининг электрон шаклда кўрсатилишидир. Гувоҳнома беришдан тортиб унинг амал қилиш муддатини узайтириш, қайта расмийлаштириш ва дубликат беришгача бўлган жараёнлар учун аниқ тартиб белгиланади. Гувоҳноманинг амал қилиши вақтинча тўхтатилиши, тугатилиши ёки бекор қилиниши билан боғлиқ масалалар ҳам маъмурий регламент асосида тартибга солинади. Даврий мажбурий тиббий кўрикдан ўтиш ҳам машинистлар учун шарт ҳисобланади.
Қарорга мувофиқ, 2027-йил-1-январдан:
- гувоҳнома олиш бўйича давлат хизмати Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали кўрсатилади;
- тест синовлари электрон платформада ўтказилади;
- тест натижаси автоматик равишда аниқланади;
- янги намунадаги машинист гувоҳномаси жорий этилади;
- гувоҳнома 10-йил муддатга берилади.
2029-йил 1-январга қадар амалдаги машинистлар янги намунадаги гувоҳномани олишлари шарт.
Гувоҳнома йўқолган, шикастланган ёки маълумотлар ўзгарган ҳолларда айрим ҳолатларда қайта тест топширмасдан дубликат олиш имконияти яратилади.
Бу ўзгаришлар нима беради?
Ягона тартибнинг жорий этилиши машинистларнинг касбий билим ва кўникмаларини бир хил мезонлар асосида баҳолаш, бошқарув ҳуқуқини бериш жараёнини рақамлаштириш ҳамда назоратни тизимлаштириш имконини беради. Энг асосий мақсад эса йўловчилар хавфсизлиги. Чунки поезд ёки метро ҳаракатида машинистнинг билими, малакаси ва масъулияти минглаб инсонлар ҳаёти ва хавфсизлиги билан бевосита боғлиқ. Бундан ташқари янги тартиб айнан шу масъулиятни янада кучайтириб, темир йўл ва метрополитен соҳасида малакали кадрларни шакллантиришга хизмат қилиши кўзда тутилган.
Муҳими, мазкур тартиб поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда инсон омили билан боғлиқ хавфларни камайтириш ҳамда соҳани малакали кадрлар билан таъминлашга қаратилган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА