Марс сайёрасининг янги тасвири эълон қилинди
Хитой миллий коинот бошқармаси Марс сайёрасининг юқори тиниқликда олинган учта расмини намойиш қилди.
Суратлар Қизил сайёрани ўрганиш учун жўнатилган "Тяньвэнь-1" зонди орқали олинган бўлиб, Хитойнинг CGTN телеканали намойиш қилган.
"Тяньвэнь-1" зонди ўтган йилнинг июль ойида учирилганди. Ушбу миссиянинг вазифаси Марс орбитасига чиқиш ва сайёрани айланиб, сўнг қўниш ҳамда сайёра юзасини ўрганишдан иборат. Зондни Марс юзасига қўндириш май-июнь ойларига мўлжалланган.
Агар миссия муваффақиятли амалга ошса, олимлар Қизил сайёранинг атмосфераси, рельефи, геологик табиати, магнит майдонининг ўзига хос томонларини атрофлича ўрганиш учун керакли маълумотларни олади. Шунингдек, сайёранинг пайдо бўлиши ва эволюциясини ўрганиш имконияти ҳам пайдо бўлади. Қолаверса, инсонларни ўйлантираётган энг асосий масала: келажакда инсонлар Марсда яшай оладими, деган саволга жавоб топишдир.