Марказий Осиёда ягона сейсмоплатформа ишга тушди
Ўзбекистонда сейсмик хавфсизликни таъминлаш ва биноларнинг зилзилабардошлигини ошириш борасида яна бир муҳим қадам ташланди.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Муҳаммад Тошевич Ўрозбоев номидаги Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институтида Марказий Осиёда ягона ҳисобланган замонавий сейсмоплатформа ишга туширилди. Бу ҳақда институт матбуот хизмати раҳбари Гулноза Шарофова хабар берди.
Қайд этиш лозимки, 2026 йилнинг биринчи ярмида институтда қатор ташкилий ва илмий янгиланишлар амалга оширилди. Янги тузилма асосида 10 та илмий лаборатория ҳамда "Бино ва иншоотлар зилзилабардошлиги экспериментал-синов маркази" ташкил этилди. Илмий лабораториялар замонавий ускуналар билан таъминланиб, жиҳозланиш даражаси 70 фоизга етказилди, иккита янги тажриба-синов лабораторияси фойдаланишга топширилди.
Институт олимлари томонидан кўп қаватли биноларнинг сейсмик барқарорлигини оширишга хизмат қилувчи янги демпфер қурилмаси яратилди. Тажриба синовлари унинг зилзила таъсирини самарали камайтиришини кўрсатди.
Шунингдек, муҳандислик-сейсмометрик кузатиш станцияси орқали бир нечта зилзилалар қайд этилди. Сейсмоскоп асосидаги янги станция синовдан ўтказилиб, зилзила эпицентри ва сейсмик тўлқинлар йўналишини аниқлаш имконияти тасдиқланди.
Институтда грунтлар механикаси, суюқлик ва газ механикаси ҳамда машинасозлик йўналишларида ҳам муҳим илмий натижалар қўлга киритилди. Жумладан, Чорвоқ грунтли тўғонининг сейсмик мустаҳкамлиги қайта баҳоланди, турбулент газ ёнишининг янги модели ва иссиқлик алмаштиргичлар учун дастурий воситалар ишлаб чиқилди. Пахта териш машиналари самарадорлигини оширишга қаратилган янги ечимлар ҳам яратилди.
Таъкидланишича, ушбу натижалар мамлакатда сейсмик хавфсизликни мустаҳкамлаш, замонавий муҳандислик ечимларини амалиётга кенг жорий этиш ва илмий салоҳиятни янада юксалтиришга хизмат қилади.
Нигора Раҳмонова, ЎзА