Марказий Осиё хабарлари
Марказий Осиё стратегик жойлашуви ва бошқа имкониятлари туфайли доимо халқаро жамоатчилик диққати марказида бўлиб келган. Шу маънода минтақада юз бераётган глобал аҳамиятга молик воқеалар таҳлили кўпчилик учун қизиқарли эканлиги табиий.
Қирғизистонда вилоятлар ўрнига 20 та туман ташкил этилади
Қирғиз Республикаси президенти Садир Жапаров Ўш вилоятининг Нокат тумани аҳолиси билан учрашувда маъмурий-ҳудудий ислоҳотларнинг иккинчи босқичини маълум қилди, деб хабар бермоқда “Kazinform” ахборот агентлиги.
Қирғизистон раҳбарининг сўзларига кўра, расмийлар мамлакатда вилоятлар ўрнига 20 та туман ташкил этишни режалаштирмоқда.
- Ҳозирда республикада 44 та туман ва 33 та шаҳар бор, - дейди қирғиз етакчиси. - Барча вилоятлар ва туманлар тугатилиб, уларнинг ўрнига 20 та туман ташкил этилади, аммо бунинг учун 3-4 йил керак бўлади. Дастлаб битта туман тажриба тариқасида ташкил этилади, кейинги икки-уч йил ичида уни қандай бошқариш мумкинлигини кузатамиз.
Президентнинг фикрича, бу бошқарув самарадорликни кўпайтириш, харажатларни камайтириш ва ҳудудларнинг молиявий мустақиллигини оширади.
Олмаота тоғларида 3300 метр баландликда сайёҳ қутқариб олинди
Олмаота тоғларининг Бостандик туманида 3000 метрдан ортиқ баландликда қутқарув операцияси бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда Қозоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.
Таъкидланишича, денгиз сатҳидан 3300 метр баландликда сайёҳлик гуруҳи аъзоларидан бири касал бўлиб қолган.
Саёҳатчилардан бирининг сўзларига кўра, эркакнинг авваллари юраги билан боғлиқ муаммолар бўлган. Тоғдан пастга тушиш вақтида унинг юрак уриши кескин кучайганлиги сабабли, шошилинч ёрдам керак бўлган. Мурожаатларни инобатга олган ҳолда, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг қутқарув гуруҳи чақирувга зудлик билан жавоб қайтарган.
Туркманистонда қурилиш учун норматив ҳужжатлар тизими модернизация қилинмоқда
Туркманистонда қурилиш учун миллий харажатлар ва норматив-ҳуқуқий базани модернизация қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бу ҳақда ҳукумат йиғилишида бош вазир ўринбосари Б.Аннамамедов маълум қилди, дея хабар бермоқда “TDH” нашри.

Хабарда қайд этилишча, айни пайтда Туркманистон президентининг махсус фармони асосида амалга оширилаётган чора-тадбирлар қурилиш соҳасида ишлашга илмий ёндашиш имконини беради ва илғор технологияларни ишлаб чиқаришни кенг жорий этишга замин яратади.
Президент Сердар Бердимуҳамедов қурилиш-монтаж, модернизация ва капитал таъмирлаш ишларини бугунги кун талаблари асосида давом эттириш зарурлигини таъкидлади. Давлат раҳбари қурилишга янги миллий таннарх ва норматив-ҳуқуқий базани жорий этиш таклифини маъқуллаб, мамлакат бош вазири ўринбосарига бу борада зарур чора-тадбирлар кўришни топширди.
Тожикистон БМТнинг Аёллар мақоми бўйича комиссиясига аъзо этиб сайланди
Тожикистон Республикаси 2027-2031-йиллар учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Хотин-қизлар мақоми Комиссияси (CСW) аъзоси этиб сайланди. Бу ҳақда “Ховар” ахборот агентлиги ёзиб чиқди.

Таъкидланишича, бу ютуқ Тожикистоннинг гендер тенглиги, аёл-қизларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ва уларнинг имкониятларини кенгайтириш бўйича глобал саъй-ҳаракатларга қатъий содиқлигини акс эттиради.
- Тожикистон барча аъзо давлатлар ва халқаро ҳамкорлар билан Комиссиянинг асосий ваколатларини мустаҳкамлаш ва инклюзив ва тенг ҳуқуқли жамият қуриш бўйича мамлакат тажрибасини ўртоқлашишда ҳамкорлик қилишга тайёр, — дея маълум қилди Тожикистоннинг БМТдаги доимий ваколатхонаси.
Гўзал Сатторова, ЎзА