Марказий Осиё хабарлари
Қирғизистоннинг ташқи қарзи 2029 йилга бориб 4 миллиард долларга тушади
Мамлакат молия вазирлиги таҳлилига кўра, АҚШ валютаси ҳисобидаги ушбу миқдор аста-секин камайиши тенденцияси кузатилмоқда.
Ҳужжатда 2024 йил 4,7 миллиард долларни ташкил этган ташқи қарз 2029 йилга бориб 4 миллиард долларгача камайиши тахмин қилинган. 2025-2029 йиллар даврида Давлат ташқи қарзига хизмат кўрсатиш бўйича жами харажатнинг 85 фоизи асосий қарзни сўндиришга йўналтирилади.
Қирғизистон ва Хитой чегарасида янги ўтиш йўлаги очилди
“Бедел” номли янги мажмуа очилиши маросимида сўзга чиққанлар ушбу маскан нафақат икки мамлакат ўртасида келгуси иқтисодий ҳамкорлик учун дарвоза бўлиши, балки дўстлик ва ўзаро ҳурмат кўприги вазифасини ҳам бажаришини таъкидлашди. Яқин келажакда чегара-ўтиш манзили Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитой ўртасида савдо ҳажмини ошириш, йўловчи ташиш кўламини кенгайтиришга хизмат қиладиган муҳим халқаро транспорт-логистика йўлагига айланиши алоҳида қайд этилди.
Халқаро стандартга жавоб берадиган кенг автомобиль йўли ҳамда божхона чегара инфратузилмасини ишга тушириш лойиҳаси 2027 йил биргаликда амалга оширилади.
Бишкекда 100 минг ўринли майдон қурилади
“Кабар” агентлиги Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги маълумотига таяниб ёзишича, пойтахтда 100 000 томошабинни сиғдира оладиган мажмуа барпо этилиши таклифи Қирғиз Республикаси Мустақиллиги куни ва Қорақирғиз автоном вилояти ташкил этилганининг 100 йиллигини нишонлаш тадбиридан сўнг илгари сурилган.
Маданият вазири Олтинбек Мақсутов айтишича, айни пайт кун тартибига киритилган бу масалада тегишли музокара олиб борилмоқда. Ҳозир лойиҳани молиялаштириш йўллари кўриб чиқиляпти. Мустақиллик байрамини нишонлаш жараёни бизга шундай ҳудуд кераклигини кўрсатди.31 август куни бош майдон – 1984 йил қурилган Ала-Тоо майдонида 80 мингдан ортиқ одам тўпланди.
Тожикистон гидроэнергетика соҳасига
Ҳиндистон инвестициясини жалб қилади
2 сентябрь куни Тожикистон Инвестициялар ва давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси раиси Султон Раҳимзода Ҳиндистоннинг сув ресурслари, гидроэнергетика ва инфратузилма соҳасидаги “WAPCOS Limited” консалтинг компанияси раҳбари билан учрашган.
Қўмита матбуот маркази тарқатган хабарда гидроэнергетика соҳасига инвестиция жалб этиш, инфратузилма ва бошқа устувор йўналишларда лойиҳалар амалга ошириш масаласи кўриб чиқилган мулоқот давомида CASA-1000 ташаббуси ҳам шерикликни мустаҳкамлашда муҳим омил экани қайд этилган.
Тожикистон вакили Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича Ислом ташкилоти
бош директори ўринбосари этиб сайланди
Қароргоҳи Остонада жойлашган Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича Ислом ташкилоти (ОХИТ) бош директори ўринбосари лавозимига Тожикистон вакили Хусрав Нозирий номзоди илгари сурилди. Бу ҳақда “Ховар” агентлиги Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига таяниб ёзган.
Ушбу танлов ташкилотга аъзо 14 давлат вакиллари орасидан тузилма Ижроия кенгаши қарори билан тасдиқланган.
Қозоғистонда янги сунъий йўлдош интернети пайдо бўлиши мумкин
Қозоғистон Илон Маскнинг “Starlink” компанияси муқобили – “Amazon Kuiper” сунъий йўлдош интернет хизмати билан шартнома имзолашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда рақамли ривожланиш, инновация ва аэро-фазо саноати вазири Жаслан Мадиев “Казинформ” мухбирига маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, Остона шаҳрида ЮНЕСКО томонидан ташкил этилган Марказий Осиёда рақамли инклюзивлик ва трансформация бўйича биринчи Осиё-Тинч океани вазирлар конференцияси бўлиб ўтмоқда.
– Анжуман якунида имзоланадиган энг муҳим келишувлардан бири айнан “Amazon Kuiper” билан битимдир, – деди мулозим.
Қозоғистонда йил охиригача тўртта технологик марказ очилади
Қозоғистон Республикаси Бош вазири Олжас Бектенов YUNESCO ташкил этган рақамли инклюзивлик ва трансформация бўйича Осиё-Тинч океани вазирлар конференциясида сўзга чиқиб, бугунги кунда “Astana Hub” халқаро технопарки негизида мамлакатнинг турли ҳудудларида 15 та технологик хаб очилгани, яна 4 таси жорий йил охиригача очилишини маълум қилди.
“Казинформ” хабарида айтилишича, Марказ самарали ечим танлашда асосий платформага айланади.
– Биз барча давлатлар, жумладан Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатлари билан бу соҳадаги ҳамкорлик ривожланишини олқишлаймиз, – деди ҳукумат бошлиғи. Унинг таъкидлашича, бугунги кунда “Astana Hub” халқаро технопаркида 1400 резидент, жумладан 400 нафар хорижий компания вакили фаолият олиб боряпти. Корхоналарнинг барида қулай инвестиция муҳити яратилган.
С.Раҳимов,
ЎзА