Марказий Осиё ва UNEP экологик ҳамкорликни янада кенгайтиради
Глобал экологик фонд (GEF)нинг VIII Ассамблеяси доирасида Марказий Осиё давлатларининг атроф-муҳит соҳаси раҳбарлари ҳамда БМТнинг Атроф-муҳит дастури (UNEP) ижрочи директори Ингер Андерсен ўртасида муҳим учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси — Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов, Қозоғистон экология ва табиий ресурслар вазири Ерлан Нисанбаев, Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси Баҳодур Шерализода ҳамда Қирғизистон ва Туркманистон вакиллари иштирок этди.
Мулоқот давомида томонлар минтақавий экологик ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ва UNEP билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди.

Таъкидланишича, кейинги йилларда Марказий Осиёда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим кун тартиби давлат раҳбарлари даражасида мисли кўрилмаган даражада эътибор марказига чиққан. Бунга 2025 йилда ўтказилган Самарқанд иқлим форуми ҳамда Остона шаҳридаги Минтақавий экологик саммит яққол мисол бўла олади.
Музокараларнинг асосий мавзуларидан бири ҳаво сифатини яхшилаш ва «Тоза ҳаво учун давлатлараро коалиция» ташаббусини ривожлантириш бўлди. Иштирокчилар қум ва чанг бўронларининг аҳоли саломатлиги ҳамда атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтиришга қаратилган минтақавий лойиҳани UNEP билан ҳамкорликда ишлаб чиқиш масаласини муҳокама қилди.
Шунингдек, ҳаво сифати мониторинги ва прогнозлаш тизимларини такомиллаштириш, экологик маълумотлар алмашинувини йўлга қўйиш ҳамда трансчегаравий ифлосланишга қарши чора-тадбирларни мувофиқлаштиришни назарда тутувчи кенг қамровли минтақавий дастурни шакллантириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Учрашувда Марказий Осиёда атроф-муҳит ўзгаришларининг минтақавий атласини яратиш ташаббуси ҳам алоҳида эътибор марказида бўлди. Ўзбекистон 2025 йилда UNEP кўмагида ишга туширилган Миллий атроф-муҳит атласини ишлаб чиқиш тажрибасини тақдим этди. Шу асосда минтақанинг барча давлатлари экологик маълумотларини бирлаштирувчи ягона минтақавий атласни яратиш таклиф қилинди.
Шунингдек, Марказий Осиё мамлакатларининг Монреаль протоколи доирасидаги иштироки ва минтақанинг БМТ тизими ҳамда UNEPдаги институционал вакиллигини кучайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Учрашув якунида иштирокчилар барқарор ривожланиш, экологик барқарорлик ва иқлим хавфсизлигини таъминлаш мақсадида UNEP билан ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканликларини тасдиқлади. Бу эса Марказий Осиё давлатларининг халқаро экологик жараёнлардаги ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши айтилди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА