“Марказий Осиё ва Германия” биринчи экспертлар форуми ўз ишини бошлади
Хива шаҳрида “Марказий Осиё – Германия” экспертлар форумининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан Конрад Аденауер ва Ф.Эберт жамғармалари билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Марказий Осиё давлатлари ҳамда Германиянинг эксперт доиралари, халқаро ташкилотлар ва етакчи таҳлилий марказлар вакиллари иштирок этмоқда.
Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақавий тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов, Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов, Конрад Аденауер жамғармасининг Марказий Осиё минтақавий дастури раҳбари Андре Алгермиссен сўзга чиқди. Шунингдек, Германия Ташқи ишлар вазирлигининг Шарқий Европа, Кавказ ва Марказий Осиё бўйича комиссари Никлас Вагнер ва Германия Парламенти аъзоси, Бундестагнинг Германия-Марказий Осиё гуруҳи раиси Кристиан Гоеркенинг видеомурожаатлари намойиш этилди.
[gallery-28781]
Тажрибали эксперт доиралари, халқаро ташкилотлар ва етакчи таҳлилий марказлар вакилларини бирлаштирган минтақалараро мазкур мулоқот Марказий Осиё мамлакатлари ва Германия ўртасидаги ҳамкорликнинг янги архитектурасини шакллантиришда муҳим воқеа эканлиги таъкидланди.
Учрашувнинг асосий мақсади “Марказий Осиё – Германия” форматини таҳлилий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни таъминлайдиган доимий фаолият юритувчи экспертлар платформасини ишга туширишдан иборат.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат), ЎзА мухбирлари