Марказий Осиё "қуруқлик орқали боғланган" минтақа бўлади
Айни пайтда пойтахтимиздаги нуфузли халқаро тадбирлар масканида Халқаро пахта бўйича маслаҳат қўмитаси (ИCАC) ҳамда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) билан ҳамкорликда Бутунжаҳон пахта куни кенг нишонланмоқда.
Дунёнинг 30 дан ортиқ давлатларидан ташриф буюрган соҳа мутахассислари, олимлар, экспертлар ҳамда пахтачилик соҳаси вакиллари иштирок этаётган мазкур тадбир нафақат пахтанинг жаҳон иқтисодиётидаги ўрни, балки бугунги замонавий пахтачиликнинг янги қиёфасини муҳокама қилиш учун муҳим халқаро минбар вазифасини ўтамоқда.
Хўш, Ўзбекистон тажрибаси минтақавий ҳамкорликка қандай таклифлар тақдим этади?
Денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган давлатларнинг озиқ-овқат хавфсизлигига бағишланган ушбу анжуманда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов мамлакатимиз пахтачилигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, янги агротехнологиялар ва инновацион ёндашувларга алоҳида тўхталиб, бугунги кунда фермер хўжаликларида юқори ҳосилдорликка эришиш учун аниқ ва илмий асосланган тизим шаклланаётганини таъкидлади.
Бугун биз “қуруқлик билан ўралган” мақомидан “қуруқлик орқали боғланган” минтақага ўтишимиз керак, дейди Иброҳим Абдураҳмонов.- Бу шунчаки сўз ўйини эмас, балки аниқ сиёсий танлов. Озиқ-овқат, сув, савдо, илм-фан ва логистика соҳаларидаги ҳамкорликни кучайтирсак, географик чекловларни минтақавий устунликка айлантира оламиз. Қуруқликда жойлашганимиз — чеклов эмас, ҳамкорлик учун имконият.
Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари денгизга тўғридан-тўғри чиқиш имкониятига эга эмас. Ўзбекистон эса дунёдаги қуруқлик билан икки карра ўралган икки давлатдан биридир. Бироқ бизнинг минтақамизда қадимий ва бой қишлоқ хўжалиги анъаналари, муҳим сув ресурслари, илмий муассасалар, йирик бозорлар ва ўзаро бир-бирини тўлдирувчи ишлаб чиқариш тизимлари мавжуд. Бизнинг мақсадимиз улкан бўлиши керак: Марказий Осиё дунёдаги энг юқори даражада ўзаро боғланган минтақага айланиши лозим. Озиқ-овқат тизимлари бу мақсадга эришишда муҳим восита бўлиши мумкин. Чунки озиқ-овқат ишлаб чиқариш, сув, савдо, илм-фан, логистика ва озиқланиш орқали мамлакатларни бир-бирига боғлайди.
Қуруқлик билан ўралганлик фақат транспорт муаммосини англатмайди. У савдо ва транзит харажатларини оширади. Ишлаб чиқарувчиларни турли стандартлар ва чегара тартиб-таомиллари билан тўқнаштиради. Дарёлар, иқлим, зараркунандалар ва ҳайвонлар касалликлари билан боғлиқ умумий хавфларни кучайтиради. Шунингдек, билим, технология ва турли хил озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган имкониятларни чеклаши мумкин. Бу муаммолар миллий чегаралар билан чекланиб қолмайди. Шунинг учун ечимларимиз миллий ҳаракатларни минтақавий ҳамкорлик билан уйғунлаштириши керак.
Минтақавий институтлар чегаралараро хусусиятга эга бўлган муаммоларни ҳал қилиши лозим. Буларга ҳавза миқёсида сув ҳисобини юритиш, биохавфсизлик, уйғунлаштирилган стандартлар, савдо йўлаклари ва фавқулодда ҳолатларда мувофиқлаштирилган ҳаракатлар киради. Миллий ва маҳаллий институтлар эса ер сиёсати, фермерларни қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалиги бўйича маслаҳат хизматлари ва амалий ижрони таъминлаш учун масъул бўлиб қолиши керак.
Бу тамойил муҳим. Муаммо чегарадан ўтган жойда минтақавий бошқарувни йўлга қўйишимиз, хизматларни эса фермерлар ва жамоаларга имкон қадар яқин даражада ташкил этишимиз лозим. Марказий Осиёда бундай ҳамкорлик учун зарур асослар аллақачон мавжуд. Қозоғистон ғалла, чорвачилик ва транзит салоҳияти билан ҳисса қўшади. Қирғизистон ва Тожикистон тоғли ҳудудлардаги сув тизимлари, яйловлар ва кичик фермер хўжаликлари тажрибасига эга. Ўзбекистон суғорма деҳқончилик, боғдорчилик, илмий салоҳият ва ислоҳотлар тажрибасини тақдим этади. Туркманистон эса қуруқ иқлим шароитида суғорма деҳқончилик бўйича тажрибага эга.
Биз, шунингдек, дарёлар, илмий тадқиқот анъаналари, савдо тарихи ва кўплаб умумий иқлим хавфларини баҳам кўрамиз. Ҳеч бир мамлакат бу вазифаларнинг барчасини ёлғиз ўзи бажара олмайди. Бир-бири билан боғланган ҳолда эса, бизнинг фарқларимиз минтақавий устунликка айланади. “Қуруқлик орқали боғланган” озиқ-овқат тизимининг биринчи асоси — юқори самарадорликка эга ва барқарор ишлаб чиқаришни таъминлашдир.
Ўзбекистоннинг пахтачилик соҳасидаги тажрибаси бунга мисол бўла олади. Биз экин майдонларини қисқартирган ҳолда ишлаб чиқариш ҳажмини оширдик. Бу ер ва бошқа ресурслардан янада самарали фойдаланиш ҳамда диверсификация учун янги имкониятлар яратди. Энди биз ушбу кенг қамровли унумдорлик ёндашувини боғлар, узумзорлар, донли ва дуккакли экинлар ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги экинларига татбиқ этишни мақсад қилмоқдамиз.
Муҳайё Тошқораева ёзиб олди,
ЎзА