Марказий Осиё интеграциясига янги суръат: БМТ резолюцияси минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлайди
БМТ Бош Ассамблеяси томонидан “Марказий Осиё минтақасида барқарор ривожланишни таъминлаш учун минтақавий ҳамкорлик ва иқтисодий интеграцияни кучайтириш” тўғрисидаги резолюция қабул қилиниши минтақа учун муҳим сиёсий қадам сифатида баҳоланмоқда. Мазкур ҳужжат минтақа давлатлари ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш ва умумий тараққиёт мақсадларини биргаликда амалга оширишга хизмат қилади.
БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабине Маҳл ушбу қарорни Марказий Осиё халқлари манфаатига қаратилган муҳим ташаббус, дея таъкидлади. Унинг фикрича, резолюция минтақа давлатларининг кўп томонлама ҳамкорликка содиқлигини яна бир бор намоён этди. Шу билан бирга, ҳужжат 66 давлат томонидан қўллаб-қувватлангани халқаро ҳамжамиятнинг Марказий Осиёга нисбатан эътибори ортиб бораётганини кўрсатади.
Баёнотда резолюция инновацияни қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш ва узоқ муддатли иқтисодий ўсишни таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилган. Бу жараён транспорт, савдо, энергетика ва рақамли технология соҳасидаги қўшма лойиҳаларни фаоллаштириш учун ҳам янги имкониятлар очади.

Шунингдек, ҳужжат Марказий Осиё давлатлари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар ўртасидаги мувофиқликни кучайтиришга чақирмоқда. Шу тариқа иқлим ўзгариши, сув ресурслари, миграция ва озиқ-овқат хавфсизлиги каби умумий муаммоларга биргаликда ечим топиш салоҳияти юзага чиқади.
Резолюцияда қўшничилик ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш орқали узоқ муддатли барқарорлик ва фаровонликни таъминлаш муҳимлигига ҳам урғу берилган. Мутахассислар фикрича, сўнгги йилларда Марказий Осиёда шаклланаётган ўзаро ишонч муҳити шундай халқаро ташаббуслар самара бераётганини кўрсатмоқда.
Ҳужжат БМТнинг ихтисослашган агентлик, жамғарма ва дастурларини минтақа устувор йўналишлари билан уйғун ишлашга чақириши билан ҳам аҳамиятлидир. Бу эса иқтисодий интеграция ва барқарор тараққиётга қаратилган дастурларни янада самарали амалга ошириш имконини беради.
Мусулмон Зиё, ЎзА