Марказий Осиё аграр соҳа вакиллари Самарқанд тажрибаси билан танишди
Тошкент шаҳрида бошланган “Аграр ва сув хўжалиги соҳасида барқарор бошқарув ва самарадорлик” мавзусидаги махсус халқаро ўқув-амалий дастури Самарқандда давом этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Президент ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги томонидан қишлоқ хўжалиги ва сув хўжалиги вазирликлари, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбир иштирокчилари – Марказий Осиё ва Озарбайжоннинг қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида фаолият юритувчи раҳбар ҳамда мутахассислари дастлаб Самарқанд туманидаги “Навобод наслли парранда” фермер хўжалиги фаолияти билан танишди.
Самарқанд вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси вилоят бошқармаси ва бошқа ташкилотлар масъуллари, фермер хўжалиги раҳбарлари мазкур кўп тармоқли хўжалик мисолида вилоятда мева-сабзавот, чорвачилик ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш, соҳада саноатни ривожлантириш, сув тежовчи ва бошқа замонавий технологиялардан фойдаланиш борасидаги ишлар ҳақида маълумот бердилар.
– 16 йиллик тажрибага эга хўжалигимизда паррандачилик, узумчилик ва бу маҳсулотларни қайта ишлаш кенг йўлга қўйилган, – дейди “Навобод наслли парранда” фермер хўжалиги раҳбари Ҳайдар Ўроқов. – Бу борада илмий-тадқиқот олиб бориш ва кадрлар тайёрлашда ҳам республикада ўз ўрнимиз бор. Айтишим мумкинки, наслли паррандачилик, соҳага илғор технологиялар ва инновацион ишланмаларни жорий этиш, парранда озуқасини ишлаб чиқариш ва экспорт кўламини кенгайтиришда мамлакатда етакчилар сафидамиз. Мамлакатимизда биринчи бўлиб инкубацион тухумни Саудия Арабистони, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Озарбайжон давлатларига экспорт қилганмиз. Кейинги уч йилда Осиё, Европа ва ҳатто, АҚШ, Лотин Америкаси давлатларига 48 миллион АҚШ долларидан ортиқ маҳсулотлар экспорт қилдик.
[gallery-32385]
– Ўзбекистонга ташрифимизнинг бешинчи кунида Самарқандда бўлиб, паррандачилик, узумчилик ҳамда ем ишлаб чиқариш тажрибаси билан яқиндан танишдик, – дейди озарбайжонлик Шовқи Лалашов. – Ўқув дастури давомида бизни энг кўп қизиқтирган жиҳат – суғориш тизимлари, сувдан самарали фойдаланиш ва органик ўғитларни қўллаш жараёнлари бўлди. Чунки Озарбайжон ҳам Ўзбекистон каби сув ресурслари чекланган мамлакатлар сирасига киради, шу сабабли қишлоқ хўжалигида сувни тежаш бўйича ёндашувимиз жуда ўхшаш. Бу каби тажриба алмашиш жараёнлари фаолиятимиз учун фойдали бўлиши табиий.
Семинар иштирокчилари тумандаги “Агромир” масъулияти чекланган жамиятида ҳам бўлиб, мазкур корхона томонидан мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш ва уларни қайта ишлаш жараёнлари билан яқиндан танишди.
Шунингдек, меҳмонлар Самарқанднинг тарихий-маданий ёдгорликлари ва муқаддас қадамжоларини зиёрат қилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари