Марказий канализация тизими янгиланмоқда
Йирик инфратузилмавий лойиҳа доирасида Андижон шаҳри марказий канализациясининг Сарбонтепа, Фаробий, Мустақилликнинг 21 йиллиги, Ҳамдўстлик ҳамда Узумзор маҳаллалари ҳудудидан ўтган 8,6 километр қисмини тубдан янгилаш ишлари олиб борилмоқда.
Бундан бир неча ўн йиллар аввал барпо этилган мазкур канализация тизими эскириб, таъмирталаб аҳволга келиб қолганлиги, канализациянинг яхши ишламаётганлиги туфайли аҳолидан кўплаб мурожаатлар келиб тушаётганлиги инобатга олиниб, мутахассислар томонидан тизимни реконструкция қилиш лойиҳаси ишлаб чиқилди.


Шу кунларда ана шу лойиҳа асосида амалий ишлар бошлаб юборилди. Мазкур кенг кўламли бунёдкорлик ишларини тизимли ва тезкор ташкил этиш, сифатли амалга ошириш мақсадида вилоят ҳокими раҳбарлигида махсус тезкор штаб ташкил этилиб, барча ишлар ушбу штаб томонидан мувофиқлаштирилмоқда.
Қурилиш жараёнига 50 дан ортиқ замонавий махсус техникалар, 500 нафардан зиёд мутахассис ва ишчи-хизматчилар сафарбар этилди. Қурилиш ишлари куну тун юқори суръатларда олиб борилмоқда.


Қурилиш-таъмирлаш ишлари муносабати билан Андижон шаҳар ҳокимининг фармойишига асосан юқоридаги маҳаллалар ҳудудидаги қатор кўчаларда транспорт воситалари ҳаракати вақтинча тўхтатилди.
Марказий канализация тизимининг 8,6 километр қисми модернизация қилиниши, янгидан барпо этилиши шаҳарда сувоқова тизими билан боғлиқ кўплаб муаммоларни бартараф этади, қолаверса, аҳоли турмуш фаровонлигининг янада юксалишига хизмат қилади.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари