Марказий банк асосий ставкани 14 фоиз даражасида сақлаб қолди
Марказий банки Бошқарувининг 2026 йил 29 июль куни бўлиб ўтган йиғилишида асосий ставка 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилди. Мазкур қарор мамлакатда нархлар барқарорлигини таъминлаш, инфляцияни мақсадли кўрсаткичга тушириш ҳамда макроиқтисодий барқарорликни сақлашга қаратилган пул-кредит сиёсати доирасида қабул қилинди.
Марказий банк маълумотларига кўра, 2026 йил июнь ойи якунида йиллик умумий инфляция 6,4 фоизни ташкил этди. Базавий инфляция эса 5,7 фоиз даражасида сақланиб қолди. Мутахассислар фикрича, июнь ойида энергия ресурслари ва тошкўмир нархларининг ошиши инфляция суръатларининг қисқа муддатли юқорилашига таъсир кўрсатган.
Шунга қарамай, йил якунига қадар умумий инфляциянинг 6,5 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда. Иқтисодий ўсиш бўйича прогноз ҳам ўзгаришсиз қолдирилиб, ялпи ички маҳсулот ўсиши 7,5-8 фоиз даражасида бўлиши башорат қилинмоқда.
Таъкидланишича, келгуси даврда ҳам пул-кредит сиёсати инфляцияни босқичма-босқич 5 фоизлик мақсадли даражага тушириш, миллий валюта барқарорлигини таъминлаш, макроиқтисодий мувозанатни мустаҳкамлаш ҳамда аҳолининг харид қобилиятини сақлаб қолишга қаратилган чора-тадбирлар давом эттирилади.
Иқтисодчиларнинг фикрича, асосий ставканинг ўзгаришсиз қолдирилиши иқтисодиётдаги мавжуд инфляцион хатарлар ва юқори иқтисодий фаоллик ўртасидаги мувозанатни сақлашга хизмат қилади. Бу қарор банк тизимида кредит ва депозит фоиз ставкаларига ҳам маълум даражада таъсир кўрсатиб, молиявий бозорда барқарорликни таъминлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА