Марк Эдвард Риз: Халқингизнинг менталитети, дунёқараши, руҳияти, жозибадор тили Абдулла Қодирий асарида мужассам
Пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида атоқли ёзувчи Абдулла Қодирийнинг инглиз тилида чоп этилган "Ўтган кунлар" романининг тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда китобни инглиз тилига ўгирган АҚШлик ижодкор Марк Эдвард Риз ҳам иштирок этди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид, таниқли адиб Хуршид Дўстмуҳаммад, адабиётшунос олим Баҳодир Каримов, Абдулла Қодирий уй-музейи раҳбари Хондамир Қодирий ва бошқалар мамлакатимизда миллий адабиётга кўрсатилаётган эътибор самарасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, ўзбек адабиётини жаҳон миқёсида кенгроқ тарғиб этиш масаласи давлатимиз раҳбари томонидан маърифий жабҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларга муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Маълумки, 2019 йилнинг 27 декабрида Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонасида буюк ўзбек адиби Абдулла Қодирийнинг "Ўткан кунлар" романининг инглиз тилидаги "Bygone days", деб номланган нашри тақдимоти ўтказилган эди. Ушбу асар уммон ортида ҳам ўз ўқувчиларини топгани эътиборга моликдир.
[gallery-2199]
– Бугун ўзбек адибларнинг китоблари дунёни забт этаётгани шундай буюк аждодларнинг авлоди эканимизни дунёга намойиш этмоқда, – деди Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид. – Зеро, Президентимиз ўзларининг ҳар бир нутқига миллий адабиётимиз, хусусан, улуғ адиб Абдулла Қодирийнинг "Ўткан кунлар" асари тарғиботига эътибор қаратиши замирида ҳам улкан маъно мужассам. Келгусида "Меҳробдан чаён"ни ҳам шу йўналишда таржима этишларини хоҳлардим.
– Марк Риз билан учрашув чоғида бу асарни шошмасдан, сифатли тарзда таржима қилиш кераклигини маслаҳат бергандик, – деди Хондамир Қодирий. – Ҳар бир тилнинг ўз шираси бўлганидек, Абдулла Қодирий тилининг ҳам ўзи жозибаси, шираси бор. Таржимон асарни инглиз тилига ўгириши жараёнида айни жиҳатларнинг сақланиб қолишига эришгани унинг ютуғидир.
– Жуда кўп таржима асарларни ўқиганман, – деди тилшунос ва адабиётшунос тадқиқотчи Гулноза Одилова. – Марк Риз халқнинг менталитетини ифодалай билган. Халқимизнинг анъана ва урф-одатларига оид 400 дан ортиқ изоҳларни келтирган. Лекин энг асосийси - таржимада унинг халқимизга чексиз муҳаббати яққол сезилиб туради.
– Бундан кўп йиллар аввал Ўзбекистон ҳақида мутлақо бехабар эдим, - деди Марк Риз. – 1994 йилдан бошлаб "Тинчлик корпуси" ташкилоти орқали бу юртга келдим. Икки йилча Қўқонда яшадим. Бу юртни қандай таништириш кераклиги ҳақида кўп ўйлардим. "Ўтган кунлар"ни ўн беш йил таржима қилдим. Ўзбек табиати, руҳияти, тили, дунёқараши Абдулла Қодирий асарида яққол намоёндир. Айни пайтда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар диққатга сазовор.
Тадбирда устоз Абдулла Қодирий хайкали пойига гуллар қўйилди. Марк Эдвард Риз Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига фахрий аъзоликка қабул қилинди. Унга уюшма гувоҳномаси топширилди.
Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбари томонидан америкалик ижодкор маданий ҳамкорликни ривожлантиришдаги ҳиссаси учун "Дўстлик" ордени билан тақдирланганди.
Назокат Усмонова,
ЎзА