Мария Тимофеева Истанбулдан қуруқ қайтмоқчи эмас
Туркиянинг Истанбул шаҳрида теннис бўйича WTA125 таснифига кирувчи халқаро турнирда мамлакатимизнинг учинчи рақамли теннисчиси Мария Тимофеева яккалик ва жуфтлик баҳсларини муваффақиятли бошлади.
Яккалик баҳсларининг биринчи даврасида Мария Тимофеева германиялик Нома Ноха Акугуэ билан рақобатлашди ва 6:4, 6:3 ҳисобида зафар қучди. Энди иккинчи даврада латвиялик Аделина Лачинова билан куч синашади.
Шунингдек, Мария мазкур мусобақанинг жуфтлик беллашувларида яна бир вакилимиз Полина Кудерметова билан тандемда биринчи даврани туркиялик теннисчилар Чағла Буюкакчай ва Айла Аксу дуэтига қарши ўтказди. Теннисчиларимиз ушбу учрашувда 6:3, 7:6 ҳисобида ғалаба қозонди.
Эслатиб ўтамиз, мукофот жамғармаси 115 минг АҚШ долларини ташкил этувчи ушбу турнирда Полина Кудерметова илк даврада туркиялик Чағла Буюкакчайни 6:3, 6:1 ҳисобида таслим этган эди.
Энди теннисчимиз навбатдаги босқичда россиялик Анастасия Гасанова билан куч синашади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА