“Маърифат улашиб” лойиҳаси Навоийда
Навоий вилоятида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган “Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасида навбатдаги адабий учрашувлар ташкил этилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Тўлқин Ҳайит, Ойдиннисо ҳамда Сафар Оллоёр иштирокида Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида бўлиб ўтган ижодий кечада адибларнинг ижод йўллари, адабиётнинг инсон тарбиясида тутган ўрни, китобхонлик маданиятини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди.
Тўлқин Ҳайит сермаҳсул ижодкор. Шу кунгача унинг 20 дан ортиқ бадиий, илмий ва публицистик китоблари ўзбек, инглиз, рус, грузин, тожик тилларида нашр этилган. У Туркиядаги Чукурова адабиётчилар жамиятининг икки карра адабиёт мукофоти совриндори ҳамдир.
Бугунги замонавий ўзбек шеъриятида Ойдиннисо ижоди ҳам алоҳида ўрин тутади. Унинг шеърий асарлари ўзининг янгича ва самимий ифодалари билан алоҳида ажралиб туради. Ойдиннисонинг ижод намуналари инглиз, рус, турк, немис, тожик, қозоқ, қорақалпоқ тилларига таржима қилинган. У таржимон сифатида Рюноске Акутагаванинг бир қатор новеллаларини, Чингиз Айтматов ва Икеда Дайсакунинг “Буюк руҳ қасидаси” номли суҳбатлар китобини ва Ўлжас Сулаймоновнинг шеърларини ўзбек тилига маҳорат билан ўгирган.
[gallery-20953]
Сафар Оллоёр ҳам ўзбек адабиётида ўз сўзи ва ўрнига эга адиблардан биридир. У 8 та мустақил достондан таркиб топган “Одам ва Омад” асари билан жаҳон адабиётида энг йирик назмий жанр бўлган “Зарбулдостон”га асос солган ва бу 2018 йилда Интеллектуал мулк агентлиги томонидан тасдиқланган. Шунингдек, у қўшсатр асосчиси, адабиётда илк турдош жанр сифатида “Эшсонет”га, “Учшода” номли янги шеърий жанрга асос солган. Қолаверса, Сафар Оллоёр таржимон сифатида Гёте, Франческо Петрарка, Жон Китс сингари жаҳон адабиёти йирик намоёндаларининг, ҳамда, Сенегал ва Непал давлатларининг қатор шоирлар асарларини она тилимизга ўгирган. Адибнинг ижод намуналари эса рус, инглиз, испан, немис, ҳинд, қозоқ, туркман, турк ва бошқа чет тилларга таржима қилинган.
– Тадбирда иштирок этган ижодкорлар ҳақида кўп эшитганмиз, уларнинг асарларини ўқиганмиз, – дейди ёш ижодкор, университет ахборот хизмати раҳбари Озод Мустафоев. – Бугун эса ёшларимиз бевосита ижодкорлар билан юзма-юз учрашиб, ижод, адабий жараён ҳақида суҳбатлашди. Ёшларимиз ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Ўз навбатида устозлардан шеър ва насрий асарлар ёзиш, сўз қудрати, адабий жанрлар ҳақида қимматли тавсия ва маслаҳатлар олди.
Тадбирда бадиий ижод машаққатлари, бугунги адабий жараён, унда ёшлар масаласи, чоп этилаётган янги асарлар, ёш қаламкашлар ижоди ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари