“Маърифат тарғиботчилари” аёллар колониясида
Мамлакатимиз бўйлаб “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида ўтказилаётган “Маънавият фестивали” Тошкент вилоятида ҳам кўтаринки руҳда бўлиб ўтмоқда.
Фестивал доирасида ўнлаб лойиҳалар, давра суҳбатлари, турли танловлар, уюшмаган ёшлар билан учрашувлар ташкил этилиб, ташкилот, корхона ва маҳаллаларга кириб бориляпти.
Зангиота туманида жойлашган умумий тартибдаги аёллар колониясида ташкил этилган “Маърифат соати”да ҳам “Маърифат тарғиботчилари” иштирок этиб, жазони ижро этиш муассасасидаги аёллар билан суҳбатлашди.

Тадбирда “Маърифат тарғиботчилари” жамияти аъзоси, фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермуҳаммедова аёл гўзал хилқат, оила бекаси эканлигига эътибор қаратиб, инсон хатосидан тўғри хулоса чиқариши, уни такрорламасликка уриниши, бунинг учун ўзида куч топа олиши лозимлигини билдирди.
Юридик фанлари доктори, профессор Феруза Муҳитдинова эса аёлларга қарата ҳар қандай шароитда ҳам орзу қилишдан тўхтамасликлари, олдига мақсад қўйиб, уларни амалга ошириш учун тўхтамай меҳнат қилиши лозимлигини таъкидлади. Шу билан бир қаторда, вақтдан оқилона фойдаланиб, китоб ўқиш, жазо муддати тугагандан сўнг эса ана шу билим ёрдамида ўз йўлини топиш зарурлигини айтди.
Қайд этилишича, мазкур аёллар колониясида кутубхона фаолияти йўлга қўйилган. Бугунги кунда кутубхонада 15 мингдан ортиқ бадиий ҳамда турли соҳага оид китоблар бор, қувонарлиси, китобхонлар сафи ортиб бормоқда.
Тадбир доирасида концерт дастури намойиш этилди.
Файзулло Яҳёев, ЎзА